ЙОД ЕТИШМАСЛИГИ КАСАЛЛИКЛАРИ ПРОФИЛАКТИКАСИ ТЎҒРИСИДА

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

25.04.2009 й. №236/III

  

ЙОД ЕТИШМАСЛИГИ КАСАЛЛИКЛАРИ ПРОФИЛАКТИКАСИ ТЎҒРИСИДА

 

I-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Коракалпогистон  Республикасининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

йод етишмаслиги касалликлари – организмда йоднинг етишмаслиги оқибатида қалқонсимон без касалликлари кўринишида намоён бўладиган касалликлар;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси – йод етишмаслиги касалликларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тизими;

йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари – ишлаб чиқариш жараёнида йод билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари;

йодланган туз – ишлаб чиқариш жараёнида йод билан бойитилган ош тузи.

 

II-БОБ. ЙОД ЕТИШМАСЛИГИ КАСАЛЛИКЛАРИ ПРОФИЛАКТИКАСИ СОҲАСИНИНГ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИНИШИ

(ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

 

4-модда. Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсати

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсати йод етишмаслиги касалликлари келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган бўлиб, қуйидагилар орқали рўёбга чиқарилади:

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

истеъмол бозорини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга қаратилган иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назоратини амалга ошириш;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

болаларни ва туғиш ёшидаги аёлларни таркибида йод бўлган препаратлар билан профилактик таъминлаш тадбирларини амалга ошириш;

йодланган туз, йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси ҳамда уларни даволаш учун фойдаланиладиган дори воситалари ва препаратларни ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ишлаб чиқариш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикасига доир тадбирлар самарадорлигининг мониторинги;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида ҳисобга олишнинг ахборот-таҳлил ва статистик тизимларини такомиллаштириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, чет эл юридик ва жисмоний шахсларининг маблағларини йод етишмаслиги касалликлари муаммоларига, мазкур касалликларнинг профилактикаси ҳамда даволаш усулларига жалб этиш;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

 

5-модда. Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида давлат бошқаруви

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида давлат бошқарувини Қорақалпоғистон  Республикаси Вазирлар Кенгаши, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга оширади.

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида давлат бошқаруви:

профилактика ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказишни, йод етишмаслиги касалликларига ташхис қўйиш ва уларни даволашни ташкил этишни;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси ва уларни даволаш учун дори воситалари ҳамда препаратларни, йодланган туз ва йодланган озиқ-овкат маҳсулотларини стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштиришни;

туз ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашни давлат томонидан нормалаштиришни; (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан олиб ташланган)

давлат бошқаруви органларининг, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боришни;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг муомаласи устидан давлат назоратини ўз ичига олади.

 

6-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши:

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилишига қатнашади ва рўёбга чиқарилишини таъминлайди; (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва рўёбга чиқарилишини таъминлайди;

тегишли давлат органларининг аҳолини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан ўз ваколатлари доирасида давлат назоратини амалга оширади; (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

давлат бошқаруви органларининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси масалаларига доир фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

 

7-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларини рўёбга чиқаради;

тузни ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш бўйича санитария-эпидемиология талабларини белгилашда иштирок этади; (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ишлаб чиқарилиши, сақланиши, олиб кирилиши ҳамда реализация қилиниши мониторингини олиб боради;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этишда иштирок этади; (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси бўйича тушунтириш ишларини олиб боради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

 

8-модда. Қорақалпоғистон Стандартлаштириш ва метрология бошқармасининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси:

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашга тааллуқли давлат стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этади; (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

 

9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва рўёбга чиқарилишини таъминлайди;

тегишли давлат органларининг аҳолини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан ўз ваколатлари доирасида давлат назоратини амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

 

III-БОБ. ЙОД ЕТИШМАСЛИГИ КАСАЛЛИКЛАРИ ПРОФИЛАКТИКАСИГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР

 

10-модда. Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси турлари

Инсон организмининг йодга бўлган зарурий эҳтиёжини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида йод етишмаслиги касалликларининг оммавий ва якка тартибдаги профилактикаси амалга оширилади.

 

11-модда. Йод етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси

Йод етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси озиқ-овқатга йодланган туз ишлатиш ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиш орқали амалга оширилади.

Йодланган туз истеъмол қилиш тиббий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан тўғри келмайдиган шахслар учун йодланмаган туз олиш имконияти тегишли ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда таъминланади.
(ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

 

12-модда. Йод етишмаслиги касалликларининг якка тартибдаги профилактикаси

Йод етишмаслиги касалликларининг якка тартибдаги профилактикаси профилактика ва санитария-эпидемиология тадбирлари, тиббий кўриклар ўтказиш, ташхис қўйиш ва даволаш орқали амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги йод етишмаслиги касалликларининг якка тартибдаги профилактикасини таъминлаш мақсадида профилактика ва санитария-эпидемиология тадбирлари, тиббий кўриклар ўтказиш, йод етишмаслиги касалликларига ташхис қўйиш ва уларни даволаш тартибини ишлаб чиқишда иштирок этади ва уни амалга оширишини назорат қилади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

 

13-модда. Аҳолини йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси масалаларига доир ахборот билан таъминлаш

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аҳолига йод етишмаслиги касалликларининг келиб чиқиши ва тарқалиши омиллари, бундай касалликларнинг профилактикасига доир чоралар тўғрисида ишончли ва ўз вақтида ахборот берилишини таъминлайди.

 

14-модда. Йод етишмаслиги касалликлари профилактикасига доир тадбирларни молиялаштириш

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикасига доир тадбирларни молиялаштириш бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

 

IV-БОБ. ЙОДЛАНГАН ТУЗГА ВА ЙОДЛАНГАН ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИГА ДОИР ТАЛАБЛАР

 

15-модда. Туз ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш

Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган ош тузи албатта йодланиши керак, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш тегишли ваколатли орган томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

 

16-модда. Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлигига доир талаблар

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари давлат стандартлари, қоидалари ҳамда нормалари талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Туз ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш учун тегишли ваколатли орган томонидан белгиланадиган, таркибида йод бўлган препаратлардан фойдаланилади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган)

Туз ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш, йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

17-модда. Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш давлат стандартлари, қоидалари ҳамда нормалари талабларига мувофиқ юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Белгиланган яроқлилик муддати ўтган йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари утилизация қилиниши, саноат йўли билан қайта ишланиши ёки қайта йодланиши керак.

 

18-модда. Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаштириш

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

19-модда. Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, ўраш ва тамғалаш

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқланган, ўралган ҳамда тамғаланган ҳолда ишлаб чиқарилиши керак.

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, ўраш ҳамда тамғалашга нисбатан қонун ҳужжатларида озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, ўраш ва тамғалаш борасида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

 

20-модда. Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилувчи юридик ва жисмоний шахслар уларни ташиш, сақлаш ҳамда реализация қилишни қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар ва нормаларга риоя этган ҳолда амалга оширишлари шарт.

Мувофиқлик сертификати бўлмаган ва яроқлилик муддати ўтган йодланган туз ҳамда йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш тақиқланади.

 

21-модда. Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш шартлари

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига фақат ўралган тарзда ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этилган ҳолда олиб кирилиши мумкин.

 

V-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 

22-модда. Низоларни ҳал этиш

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

23-модда. Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.