Ижтимоий тармоқларда чиққан “Овулимизда 45 кундан буён газ йуқ, худудда болаларнинг касалланиши кескин ошди” номли танқидий материалга жавоб

Жорий йилнинг 21 январь куни «Sizdantelegram» телеграмм каналида “Овулимизда 45 кундан буён газ йуқ худудда болаларнинг касалланиши кескин ошди” мавзусида танқидий материал чиққан эди. Мазкур материалда кўрсатиб ўтилган муаммолар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарлигида Элликқалъа туман ҳокимлиги ҳамда тегишли мутассадди ташкилотлар томонидан тегишли тартибда ўргиниб чиқилди.
2020-йил 22-январь куни мақола юзасидан “Қирққиз” ОФЙ ҳудудига туман ҳокими ўринбосари А.Қурбанбаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Элликқалъа тумани Халқ қабулхонаси мудираси А.Раззакова, “Элликқалъатумангаз” филиали бошлиғи Қ.Халбаев ва «Қирққиз» ОФЙ раиси М.Рахмановлар иштирокида олиб борилган ўрганишлар давомида, газ тармоғининг охирги нуқталарида газ босими пастлигидан аҳолининг қўлбола газ сўрғичлардан фойдаланилаётганликлари натижасида газ етказиб берувчи газ тармоғида гидравлик мувозанат бузилганлиги ва газ тармоғининг айрим қисмларида газ босимининг кескин пасайишига олиб келганлиги аниқланди.
Аниқланган муаммо бўйича “Қирққиз” ОФЙ худудидаги юқори ва ўрта босимли ГТҚ ларда қайта созлаш ишлари олиб борилди ва шу худудда жойлашган “Қирққиз” ГТШ (ГРС) орқали газ етказиб бериш кунлик хажми суткасига 16 минг кубдан 20 минг кубга оширилди. Мазкур масала буйича аҳолининг фикр-мулоҳазалари тингланди ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, мазкур материалда келтирилган “Газ йўқлигидан туманда болаларнинг касалланиши кескин ошди. Касалхоналар болалар билан тўлган” дейилган маълумотга кўра туман тиббиёт бирлашмасига бориб вазият ўрганилганда хозирги вақтда 55 та ўринга мулжалланган болалар бўлимида 45 нафар бемор ётиб даволанаётгани маълум бўлди.