Уруш фаҳрийлари ҳамиша халқимиз эъзозида

9 май  Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда нишонланди.

Учрашув қатнашчилари жойларда туриб, онлайн видеоалоқа орқали Тошкент шаҳрида ўтказилган Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган байрам тадбирида иштирок этди.

Муҳтарам Президентимизнинг буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимизнинг мардлиги ва қаҳрамонлиги ҳақида билдирган фикрлари барчада чексиз ғурур ва ифтихор тўйғуларини уйғотди.

Иккинчи жаҳон урушида кўп миллатли Ўзбекистон халқи қатори Қорақалпоғистон Республикасидан ҳам 66 минг нафардан киши иштирок этган бўлса, шундан 34 минг нафарга яқинига она Ватанга қайтиш насиб этмади. Инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин ҳисобланган Иккинчи жаҳон урушида она заминимизни муносиб ҳимоя қилиш, халқимизни фашизм балосидан асраш йўлида тенгсиз мардлик ва жасорат кўрсатган, уруш орти меҳнат фронтида тинимсиз меҳнат қилган фидойи фахрийларимизни бутун халқимиз, бугунги миннатдор авлодлар ҳеч қачон унутмайди, уларга ҳамиша ҳурмат-эҳтиром кўрсатишни шарафли бурчи деб билади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Президентимиз ва халқимизни байрам билан табриклади. Сўнгги йилларда уруш қатнашчилари ва фронт орти мехнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни хар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил 30 март куни қабул қилинган «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Уруш қатнашчиси, қонликўллик Оразбой ота Наметуллаев фашизмга қарши курашда мардлик ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатди. Украина, Молдова, Венгрия мамлакатларини озод этиш жангларидаги иштирокини кўзларида ёш билан эслайди. Юз ёшга яқинлашган отамизга бугунги тинч ва осуда ҳаётни кўриш насб этди.

Уруш фахрийсига Президентимизнинг шахсан йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Бундан сўнг унга давлатимиз раҳбарининг фармони асосида 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида пул мукофоти, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг “1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик медаллари, «Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси» номли китоб-альбоми,  “Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари” номли китоб топширилди.

Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбийлар номидан гулчамбарлар қўйилди. Карантин сабаб ушбу тадбирларда халқимиз иштирок этмаган бўлса ҳам ҳар бир хонадонда байрам кайфияти ҳукмрон. Зеро, уруш майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилган фахрийларимиз ҳамиша халқимиз эъзозида.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати

М.Ҳабибуллаев олган суратлар