Халқ депутатлари Тўрткўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессияси бўлиб ўтди

26 май куни халқ депутатлари Тўрткўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Сессия ишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов иштирок этди ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, бугунгидай синовли даврда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди ва туман ҳокими лавозимига шу кунгача Элликқалъа тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шамуратов Рустам Азатовичнинг номзодини таклиф қилди.

Таклиф қилинган номзодни туман Кенгашининг бир қатор депутатлари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.

Сессияда Р.А.Шамуратов Тўрткўл тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди ва ўзининг бор билим ва тажрибасини туманни ҳар томонлама ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга сарфлашини таъкидлади.

Маълумот учун, Р.А.Шамуратов ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг иқтисодий ривожлантириш масалалари котибияти бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи, Тўрткўл тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Элликқалъа тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Элликқалъа тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари каби масъул лавозимларда фаолият юритган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати