Жўқорғи Кенгес Раиси Нукус шаҳри ва 6 туман тадбиркорларининг мурожаатларини тинглади

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаш мақсадида видеоконференцалоқа орқали учрашув ўтказди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда сектор раҳбарлари, вазирлик, корхона, идора ва ташкилотлар, тижорат банклари раҳбарлари, шунингдек, Нукус шаҳри, Тахиатош, Қонликўл, Қўнғирот, Мўйноқ, Шуманай ва Хўжайли туманлари тадбиркорлари иштирок этди.

Ҳеч кимга сир эмас, бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемияси юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ўзининг салбий таъсирини ўтказиб, давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик корхоналар, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатди. Бу ўз навбатида, аҳоли турмуш тарзига, даромадига зарарини етказмай қолмади.

Учрашувда Муҳтарам Президентимиз томонидан пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига ва иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида карантин талабларига риоя қилган ҳолда корхоналарни босқичма-босқич ишга қўшиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, тадбиркорларга имтиёз ва преференцияларни бериш орқали уларга қулай шароит яратиш сингари кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Жумладан, коронавирус пандемияси туфайли ҳаракатини вақтинча тўхтатган тадбиркорларнинг банк кредит тўловларининг пролонгация (муддатини узайтириш) қилиниши, айрим солиқ турлари бўйича тўловлардан имтиёзлар берилиб, муддатининг кечиктирилиши, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга транспорт харажатлари учун бюджетдан субсидиялар ажратилиши, хорижий инвестиция лойиҳаларига мутахассислар ва ускуналарнинг олиб келинишида шароитларнинг яратиб берилиши сингари бир қатор муҳим масалаларда ўз вақтида аниқ ечимлар қабул қилинди.

Учрашувда бугунги кунда ҳаракатсиз турган тадбиркорлик субъектларининг ҳар бири билан ҳокимлар, сектор раҳбарлари шахсан иш олиб бориб, биринчи навбатда уларнинг фаолиятини қайта тиклаш чораларини кўриши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашувда тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг ижобий ҳал қилиниши бўйича масъул раҳбарларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

1-июнь куни Жўқорғи Кенгес Раиси Нукус, Кегейли, Бўзотов, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманлари тадбиркорларининг мурожаатларини видеоконференцалоқа орқали тинглаши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати