Бугунгидай шароитда депутатлар фаоллик кўрсатиши зарур

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис палаталари жойларда халқ депутатлари кенгашлари билан бирга пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назоратини йўлга қўйиш, шунингдек, туман, шаҳар, вилоят ҳокимлари, вазирлар ҳар ойда бир марта Президент қарорлари ижроси бўйича ҳисобот бериб бориши кераклиги белгиланган эди.

3-июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ўтказилган Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш масалалари ҳамда Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар бугунги кунда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига ва иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш,  аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.

Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш масалалари ҳамда Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари  бўйича қўмиталар раислари ва аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари  бўйича қўмита раиси Д.Қурбаниязов олиб борди ва Президентимиз томонидан белгиланган топшириқ ва вазифаларнинг ижросини ва депутатлик назоратни таъминлаш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглашни йўлга қўйишда депутатларнинг масъулиятини ва фаоллигини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш масалалари  бўйича қўмита раиси З.Реймова республикамизда қабул қилинган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, уларни янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва саводхонлигини ошириш масаласи бугунги кунда долзарб масалалардан экани, бу жараёнда депутатларимиз фаол қатнашиши, шаҳар ва туман кенгашларидаги доимий комиссиялар фаолиятини кучайтириш, қабул қилинган қонунларнинг мазмунини оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш, айниқса, бугунги карантин шароитида масофадан туриб онлайн учрашувлар, видеоалоқа орқали муҳокамалар ўтказишни ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Мажлисда Жўқорғи Кенгес депутатлари кўрилган масалалар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати