1

Берунийда Давлат хизматлари марказининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди

Бугунги кунда юртимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирлари амалга оширилиб, карантин ҳолати жорий қилинган. Бундай вазиятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, бу борада уларга амалий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳар доимгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Илгари кичик бинода жойлашган Беруний тумани Давлат хизматлари марказининг хоналари бироз тор бўлиб, бу ўз навбатида фуқароларга хизмат кўрсатишда марказ ходимларига ноқулайликларни келтириб чиқараётганди. Давлат хизматлари марказининг янги, замонавий биноси фойдаланишга топширилиши ана шу муаммоларни бартараф этди.

Бугун 5 июнь санасида мана шу янги бинонинг очилиш маросими ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов йиғилганларни янги иморатнинг очилиши билан қизғин табриклаб, юртимизда Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояни ҳаётга кенг татбиқ қилиш мақсадида фаолият юритаётган давлат хизматлари марказларининг фуқароларга қулайликлар яратишга эътибор қаратиб, уларнинг яшаб турган жойларида, жумладан, олис ҳудудларда давлат хизматларини кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда Давлат хизматлари маркази фуқароларга 130 дан ортиқ хизмат турларини кўрсатиб келмоқда.

Замонавий, энг сўнгги ахборот-техонология воситалари билан таъминланган бу бинода энди марказ ходимлари ва фуқаролар учун барча шароитлар яратилган. Янги иморатда дам олиш ва тиббиёт хоналари, болалар майдончаси мавжуд. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Мадад” нодавлат, нотижорат ташкилоти ҳуқуқий маслаҳат бюроси шу ернинг ўзида фуқароларга бепул маслаҳатлар бериб боради.

Шунингдек, марказда электрон навбат тизими жорий қилинган. Зарур антисептик воситалар билан таъминланган марказда фуқароларга масофани сақлаган ҳолда хизматлар кўрсатилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати