А.Ибрагимов Қонликўл тумани ҳокими лавозимига тайинланди

15 сентябрь куни халқ депутатлари Қонликўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Сессия ишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, бугунгидай синовли даврда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича илгари сурилган вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди ва туман ҳокими лавозимига шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Ибрагимов Абу-Бакир Абдинаимовичнинг номзодини таклиф қилди.

Таклиф қилинган номзодни туман Кенгашининг бир қатор депутатлари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Сессияда Ибрагимов Абу-Бакир Абдинаимович Қонликўл тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди ва ўзининг бор билим ва тажрибасини туманни ҳар томонлама ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга сарфлашини таъкидлади.

Маълумот учун, А.Ибрагимов ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси юридик шахсларни солиққа тортиш бўлими бошлиғи, Нукус шаҳри ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Нукус шаҳри ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси каби масъул лавозимларда фаолият юритган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати