Пойтахтимизда Аллаяр Досназаровнинг бюсти очилди

18 сентябрь куни пойтахтимиз Нукус шаҳрида юртимизнинг улуғ фарзанди, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Аллаяр Досназаров бюстининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, Аллаяр Досназаровнинг авлодлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маросимни Нукус шаҳри ҳокими П.Турешев бошқариб борди.

Тантанали маросимни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов очди ва сўнгги йилларда юртимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида тарихимизни қайта ўрганиш, миллий қадриятларимизни қайта тиклаш, айниқса, қатағон қурбони бўлган юртимиз фарзандларининг номларини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз шу йилнинг 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида қатағон қурбонлари ҳақида: “Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди.” дея таъкидлаган эди.

Мустабид тузум даврида юртимиздаги минглаб бегуноҳ инсонларнинг “Халқ душмани” сифатида ноҳақ жазоланганини инкор қилиб бўлмайди. Мана шундай ноҳақ жазоланган халқимизнинг фидойи фарзандларининг бири, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Аллаяр Досназаровдир.

Ўзининг қисқа умри давомида Аллаяр Досназаров чуқур билим ва тажрибаси, етук ташкилотчилик қобилияти, ватанпарварлиги билан жамоатчилик орасида кенг танилиб, эл орасида катта ҳурмат ва обрўга эришди.

Айниқса, унинг Қорақалпоғистон Автоном областини тузишдаги алоҳида меҳнатлари, халқимизнинг миллий хусусиятларини аниқлаш масалаларидаги ташкилотчилик қобилияти, миллий-давлат чегараларини белгилашдаги жонкуярлиги, шунингдек, маънавиятимизни ва маърифатимизни ривожлантириш йўлидаги фидокорона хизматлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Улуғ бобомизнинг номини абадийлаштириш, унинг халқимиз учун қилган меҳнатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2019 йил 28 ноябрдаги мажлис баёни билан жорий йил бобомизнинг номига қўйилган кўча бўйига унинг бюстини ўрнатиш, Аллаяр Досназаровнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган янги китобларни ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашрдан чиқариш ҳамда уларнинг тақдимотини юқори савияда ташкил этиш, илмий конференция ташкил этиш, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган сахна асари ва ҳужжатли фильм тайёрлаш каби бир қатор эзгу ишларнинг амалга оширилиши белгилаб олинди.

Очилиш маросимида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси А.Султанов, Қорақалпоғистон халқ шоири, сенатор Г.Аннақиличева, Аллаяр бобомизнинг авлоди П.Досназарова бобомизнинг ҳаёт ва меҳнат йўли ҳақида тўхталиб, унинг ҳурматига очилаётган бу ёдгорлик бюсти барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун яқин тарихимиздан сабоқ берадиган, бобомизнинг номини ва қаҳрамонликларини эслатиб турадиган, мард аждодларимиздан фахрланиш ҳиссини уйғотадиган, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялайдиган гўзал зиёратгоҳга айланишини таъкидлади.

Йиғилганлар Аллаяр Досназаров бюстининг тагига гуллар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати

М.Ҳабибуллаев олган суратлар