Муҳим ташаббуслар илгари сурилди

Шу йилнинг 23 сентябрь санасида мустақил Ўзбекистон тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Муҳтарам президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида, яъни БМТ минбарида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлади. Албатта бу барча ватандошларимиз қалбида ғурур ҳиссини уйғотгани шубҳасиз. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари ўтган галгидек бу сафар ҳам бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Муҳтарам президентимиз, 2017 йил сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурган ва уларнинг деярли барчаси бугунги кунда амалиётга татбиқ этилди ва этилмоқда.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқи аввалида коронавирус пандемияси ва унинг оқибатлари, бутун дунё давлатлари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги тўғрисида сўзлаб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди. Бугунги дунё ва халқаро ҳамжамият учун катта фалокатга айланган пандемия оқибатларини енгиб ўтиш учун билдирилган ушбу таклиф албатта барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланишига ишонамиз.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўз-аро ишонч ва ҳамкорлик масалаларида жуда катта ютуқларга эришилаётганини алоҳида таъкидлаб, ушбу ютуқларни янада ривожлантириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф қилди. Бу эса ўз навбатида минтақа давлатларининг иқтисодий ўсишига замин яратади. Шу билан бирга Президентимиз ўз нутқида 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрлигини билдирди. Албатта бизнинг минтақамиз, хусусан Ватанимизнинг бутун дунё цивилизациясига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Мазкур форум эса бутун дунё диққатини яна бир бор минтақамизга қаратиши, юртимизнинг бой маданий меросини тарғиб қилиши ва маданий алоқаларни кенгайтиришни муҳим аҳамият касб этиши сўзсиз.

Муҳтарам Президентимиз бундан уч йил аввал бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида бутун дунё эътиборини Орол фожеасига қаратган эди. Бу гал ҳам ушбу масалага алоҳида тўхталди. Чунки бугунги кунда мазкур муаммо нафақат минтақамиз, балки бутун дунё учун энг катта экологик фалокатга айланди десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айлангани, унинг оқибатларини бартараф қилиш учун давлатимиз ҳамда Халқаро ҳамжамият томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида айтиб ўтди. Шунингдек, бу бўйича ишларни янада кучайтириш мақсадида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни ҳамда ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлашни таклиф этди.

Албатта, давлатимиз раҳбари бу галги нутқида ҳам глобал аҳамиятга эга яна бир қатор кўплаб таклиф ва ташаббусларни билдирди. Мазкур ташаббуслар тез орада амалга ошишига ишончимиз комил. Зеро, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги мавқеи ҳамда роли нафақат минтақада, балки бутун дунёда ошиб бормоқда ва тобора глобал масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.

Тажибай Романов,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демкоратик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демкоратик партияси фракцияси раҳбари