Жўқорғи Кенгес Раиси Мўйноқда бир қатор объектларнинг очилиш маросимида иштирок этди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов 27 ноябрь куни Мўйноқ туманида фойдаланишга топширилган бир қатор объектларнинг очилиш маросимларида иштирок этди.

Дастлаб янгидан қурилган “Тоқпақ ота” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусилмонлари қозиятининг вакиллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

«Тоқпақ ота» масжиди бир вақтнинг ўзида 300 одамни ўз ичига сиғдира олади. Меҳмонлар масжидда яратилган шароитлар билан танишди, марҳумларнинг руҳига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг республика раҳбари туман Маданият марказида туман ёшлари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди, ёшларнинг фикр ва таклифларини, муаммоларини тинглади.

Учрашувда ёшларнинг мурожаатларида айтилган муаммоларни ҳал этиш бўйича Мўйноқ тумани ҳокими Е.Еденбаевга топшириқлар берилди. Ёшлар олий таълим муассасаларига киришда берилган имтиёзлар асосида бу йил мўйноқли 500 нафардан зиёд ёшнинг талаба бўлиш бахтига муяссар бўлгани учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдирди.

Жўқорғи Кенгес Раиси Мўйноқ тумани марказида “TURSINBEK DENT” МЧЖ томонидан фойдаланишга топширилган «TURSINBEK DENT» хусусий стоматология клиникаси, «ARAL HOTEL MUYNAK» МЧЖ томонидан қурилган «Тениз» меҳмонхонасининг тантанали очилиш маросимларида иштирок этиб, бу масканларда аҳолига хизмат кўрсатиш учун яратилган кенг имкониятлар билан танишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес Раиси М.Камалов «Мӯйноқ порлоқ текс» тикувчилик фабрикасида бўлиб, бу ерда фаолият юритаётган хотин-қизлар билан мулоқот қилди, корхонада уларнинг меҳнат қилиши учун яратилган шароитлар билан танишди. Шу билан бирга, Мўйноқ тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими иморатининг қурилиш ишларини кўздан кечирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати