Халқ депутатлари Элликқалъа туман Кенгашининг ўн тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди

Cессияда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш. Атаниязов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, тумандаги корхона, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Сессия мажлисини Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими С.С. Авезов бошқариб борди.

Сессия кун тартибидаги биринчи масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29-декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ҳамда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб ҳудудий дастурларни тайёрлаш ҳақида Элликқалъа тумани ҳокими С.С. Авезовнинг маърузаси тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақаларини ривожлантириш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Б.Матмуратов ўз маърузасида Парламентга ва халқимизга йўлланган мурожаатнинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган тарғибот тадбирларини кўпайтириш бўйича сессия иштирокчиларига тушунтиришлар берди.

Кун тартибидаги асосий масала юзасидан Элликқалъа тумани ҳокимининг соҳалар бўйича ўринбосарлари мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда 2021-йилдаги устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган асосий режалар бўйича маълумот бериб ўтди.

Сессия ишидаги иккинчи масала тумандаги фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари И. Қ. Юнусовнинг маърузаси тингланди.

Сессияда кун тартибидаги учинчи масала бўйича Халқ депутатлари Элликқалъа тумани Кенгаши котибияти мудири лавозимига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан келишилган ҳолда Халқ депутатлари туман Кенгашига 16-Тоза-боғ сайлов округидан депутат А.Байназаров номзоди тасдиқланди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича депутатлар ўз фикр – мулоҳазаларини билдирдилар.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўн тўққизинчи сессияси кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилди ва билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳамда таклифларни инобатга олган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Элликқалъа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати