Учинчи Ренессанс даврининг яратувчилари

Ўзбекистон аҳолисининг 55 фоизини ёшлар ташкил этади. Ёш деганда биз албатта 18-30 ёш оралиғидаги Ўзбекистон фуқароларини тушунамиз. 2020 йил охирига келиб, “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш, ишсиз ёшларни аниқлаш умуман бугуннинг ёшлари нималар билан банд, қандай шароитлар улар учун қулай, деган мақсадда ишчи гуруҳлар томонидан саволнома асосида ўрганиш ишлари ҳар бир маҳалла тизимида олиб борилди. Муаммолар жойида ўрганилиши билан бир қаторда, унинг ечими бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилди.

Президентимиз 2020 йил 25-декабрда “Ўзбекистон ёшлари Форуми”да  ёшларга қарата “Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлайман”, дея таъкидлади, 2021 йилни эса “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилди. Бу сўзнинг замирида эса келажак авлод, яъни ёшларнинг яқин йиллар ичида Ўзбекистонга олиб келадиган ақлий инвестицияси, шу билан бирга ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, START-UP лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш каби муҳим масалалар мужассамдир.

Энг катта бойлик, бебаҳо хазина бу – инсоннинг билимидир. Учинчи Ренессанс даврини яратишга киришган эканмиз 1 ва 2-ренессанс давридаги буюк аждодларимизнинг меросини сақлаган ҳолда билим олишни давом эттиришимиз жоиздир.

Давлат рахбарининг 27-январь кунги видеоселектор йиғилиши ҳам айнан ёшлар масаласига бағишланган бўлиб, туман сектор раҳбарлари ҳафтанинг икки кунини фақат ёшлар муаммоларини ҳал этишга ажратиши белгиланди. “Бир кун ёшлар бандлиги билан, иккинчи кун уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан шуғулланади”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Энг ёмон иллатларнинг кўпчилиги одам бекорчилигидан келиб чиқади. Шу ўринда айтиш жоизки, билим олишнинг ҳам, ҳунар эгаллашнинг ҳам ўз ўрни бор. Баъзи ёшлар борки, эгаллаган билими билан юксакларга эришса, ҳунари билан эса юзлаб, минглаб шогирдлар тайёрлаб, авлодларга муносиб касб-кор қолдиради.

Видеоселектор давомида Давлат раҳбари томонидан ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектари ёшларга ажратилиши, шу орқали ўн минглаб ёшларнинг иш билан бандлиги таъминланиши айтиб ўтилди. Бизнинг энг катта бойлигимиз она еримиздир. Қишлоқ ҳўжалигида мавсум давомида 3 маротаба ҳосил олиш, ундан ташқари Қорақалпоғистон шароитида иссиқхоналар ташкил этиш ишлари ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш йўлидаги ижобий натижадир. Қишлоқ ҳўжалиги тизимида фаолият юритаётган соҳа мутахассислари бор билим ва тажрибаларини ёшларга ўргатишдан чарчамайди.

Биз ишонамизки, 2021 йил ёшлар хаётида энг катта ўзгаришлар ва янгиланишлар йили бўлади. Келажакнинг Беруний, Ибн-Сино ва Форобийлари 3-Ренессанс даврининг ибтидосини бошлаб беради.

Умиджон Қаландаров,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Беруний тумани бўлими бошлиғи

.