Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн олтинчи сессияси: Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси сайланди

13 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди. 

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари шаҳар ва туман студияларида иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов кириш сўз билан очди ва бошқариб борди.

Депутатлар сессиянинг Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Таъкидланганидек, Ҳурматли Президентимиз томонидан қабул қилинган махсус Фармон билан суд тизимига ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар киритилди. Шу асосда ҳудудимиздаги жиноят, иқтисодий ва фуқаролик судлари бирлаштирилиб, улар асосида судьяларнинг қатъи ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси суди ташкил этилди.

Суд соҳасига киритилган ўзгаришларни ҳисобга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн бешинчи сессиясида Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясининг тегишли моддаларига қўшимчалар киритилди ва депутатларимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, Қонун қабул қилинди.

Сессия кун тартибида «Қорақалпоғистон Республикаси судининг раисини сайлаш тўғрисида»ги масала кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ, Базарбаева Гульнара Жуманазаровнани Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси этиб сайлаш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тақдимномаси депутатлар эътиборига тақдим этилди.

Бу масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди  – Базарбаева Гульнара Жуманазаровна беш йил муддатга Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси лавозимига сайланди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн олтинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати