ШАРОИТИ ОҒИР МАҲАЛЛА ВА ОВУЛЛАР МАСАЛАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

25 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорида шароити оғир маҳалла ва овулларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш ҳисобига уларни оғир тоифадан чиқариш ҳамда маҳалланинг ўрни ва ролини кучайтириш бўйича белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумати вакиллари, cектор ва соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарлари  шаҳар ва туман студияларида иштирок этди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов кириш сўз билан очди ва бошқариб борди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алиҳонов, қўмита раиси ўринбосари Б.Матмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси З.Реймова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари қўмитаси раиси,  Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи А.Данияров, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов ва бошқалар Ҳурматли Президентимизнинг  2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш билан бир қаторда шаҳар ва туманларнинг, маҳалла ва овулларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, халқимизга муносиб турмуш шароитини яратишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Ушбу қарор билан шароити оғир 45 та маҳалла ва овулда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича 20 га яқин йўналиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланган. Режага мувофиқ, шароити оғир маҳалла ва овулларда 437 объект бўйича иш олиб борилиши ва уни амалга ошириш учун жами 3 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Жумладан, 12 та туман марказида «Маҳалла марказлари» мажмуаларини қуриш ва реконструкция қилиш, 157 та маҳалла ва овул маъмурий комплексларини қуриш, шароити оғир маҳалла ва овулларда уй-жойлар қурилиши, йўл, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва реконструкция қилиш, ободонлаштириш, шунингдек, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ушбу ҳудудларда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш каби муҳим йўналишлар қамраб олинган.

Бугунги кунда маҳалла ва овулларда йўлларга шағал ётқизиш, кўприкларни таъмирлаш, шунингдек газ, электр, иссиқлик таъминотини яхшилаш, трансформаторларни таъмирлаш ва янгидан ўрнатиш, симёғочларни бетон устунларга алмаштириш каби ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий этилиб, шароити оғир маҳалла ва овулларда истиқомат қиладиган аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш орқали оилаларини камбағалликдан қутқариш борасида амалий ишлар бошлаб юборилди.

Тадбирда Муҳтарам Президентимизнинг Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифи давомида айрим муаммоли маҳаллаларга бориб, у ердаги мавжуд камчилик ва муаммоларга эътибор қаратгани, мутасадди раҳбарларнинг бепарволиги ҳақида сўз юритилиб, бу каби муаммо ва камчиликлар бизнинг ҳудуддаги айрим маҳаллаларда ҳам мавжуд эканлиги қайд этилди ва уни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилген янги тизимни амалиётга тадбиқ этиш, яъни ҳар бир олиб бораётган ишларни, ислоҳотларни “маҳаллабай” ташкил этилишини таъминлаш, шу билан бирга, бу жараёнда  давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қарорларининг ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтириш, жойларда ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир ҳудудларга бириктирилган Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари депутатларининг фаоллигини ошириш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесиининг матбуот хизмати