21 Сентябрь 2021 17:09:11
|

ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСНИНГ ЎН ЕТТИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, тегишли соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди.

Кун тартибидаги дастлабки масала, яъни, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг лавозимли шахсларига юборилган депутатлик сўровларнинг ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларининг бирида: “Ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги яшаётган аҳолининг муаммоларини ечишда жонбозлик кўрсатиши, халқнинг дардини тинглаши зарур. Шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдаларининг устидан чиқади, халқнинг ишончини қозонади”, деб таъкидлаб ўтган эди.

Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ҳам ўз сайловчилари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, халқнинг ишончини қозанишга, ўз ваколати доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган 2020 йил давомида депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, долзарб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг бажарилишини сўзсиз таъминлашга қаратилган ишлар илгари сурилмоқда. Жўқорғи Кенгесда, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида депутатлар маҳаллий бюджетни тасдиқлаш, унинг ижросини назорат қилишдан тортиб, ҳудуддаги долзарб масалаларни ҳам сессияларида кўриб чиқиб, ҳал этмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини доимий равишда тинглаш амалиёти йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси уларнинг фаолиятини тубдан ўзгартириб, қонунда белгиланган ваколатларидан унумли фойдаланиш самарадорлигини оширмоқда.

Лекин, депутатлик корпуси вакилларининг тўлиқ иш олиб боришига тўсқинлик этувчи айрим омиллар, яъни, парламент назоратининг зарур институтларидан бири ҳисобланган депутат сўрови институтидан фойдаланиш, унинг кафолатларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилотчилик-ҳуқуқий масалалар бўйича муаммолар мавжуд эканлиги аниқланмоқда. Жумладан, мансабдор шахслар томонидан депутатлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, кафолатларини бузиш, депутат саволига юзаки қараш, кўрмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатини бузиш, нотўғри маълумотларни тақдим этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Юқоридаги қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, Жўқорғи Кенгес депутатининг обрўсини кўтариш ва давлат органларининг депутат сўровига бўлган дунёқарашини тубдан ўзгартириш мақсадида Вазирлар Кенгашига парламент сўрови юбориш маъқул деб топилди. Депутатлар ва сиёсий партияларнинг вакиллари ушбу муҳим масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, сессияда “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирининг ҳисоботи тўғрисида”ги, «Жўқорғи Кенгеснинг айрим қўмиталари таркибига ўзгаришлар киритиш тўғрисида»ги, “Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раисининг ўринбосарини сайлаш тўғрисида»ги, «Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосарларини сайлаш тўғрисида»ги масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА