Маҳалла тизими ходимлари тақдирланди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Маҳалла тизими ходимлари” куни муносабати билан  тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов сўзга чиқиб, маҳалла тизими ходимларини байрам билан табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, фуқаролар мурожаатлари билан самарали ишлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш, халқимизнинг эртанги кунига ишончини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Бунда, албатта маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг тизимли фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб бормоқда.

Айниқса, маҳалла институтининг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида “Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла” тамойилининг жорий этилиши – бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларга янгича мазмун бахш этмоқда.

Юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида маҳалла институтининг ролини ошириш, тизимдаги ишларни “маҳаллабай” асосида ташкил этиш бўйича алоҳида чоралар олиб борилмоқда.

Ўтган қисқа давр ичида ушбу институтни жамиятнинг миллий бошқарув идорасига айлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Соҳага доир бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бу ўз навбатида маҳаллани чин маънода одамлар оғирини енгил қиладиган тузилмага айлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, ўтган йилнинг 2 март санасида Муҳтарам Президентимиз томонидан “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши ва 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни, деб белгиланиши ушбу тизим ходимларига бўлган юксак ишончдан далолатдир.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Ҳурматли Президентимиз яқинда маҳалла тизими ходимларига йўллаган байрам табригида “Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради” деган чуқур маъноли фикрга тўхтаб ўтди ва “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини ҳаётга татбиқ этишда, ислоҳотларни “маҳаллабай” асосда амалга оширишда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган юртдошларимиз муаммоларини “хонадонбай” ҳал этишда маҳалла тизими ходимларига юксак ишонч билдирди.

Дарҳақиқат, ушбу юксак эътибор ва ғамхўрлик  маҳалла институтининг жамиятдаги нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

“Маҳалла тизими ходимлари” куни  байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида бир қатор ватандошларимиз “Ардоқли нуроний” ва “Ватан фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Тадбирда ушбу юксак мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Тақдирланганган номидан сўзга чиққанлар маҳалла тизими ходимларига қаратилаётган юксак эътибори ва билдирилаётган ишончи учун Президентимизга, республика раҳбарларига миннатдорчилигини билдирди.

Тадбирда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати