ҚУРИЛИШ СОҲАСИДА МАЛАКАЛИ МУТАХАССИСЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ МАРКАЗИ ОЧИЛДИ

Нукус транспорт коллежида ташкил этилган Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, йиғилганларни марказнинг очилиши билан табриклади ҳамда ушбу марказ юртимизга қурилиш соҳасида замонавий билимга эга, тажрибали кадрларни тайёрлаб беришига қатъий ишонч билдирди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, бу соҳада малакали кадрларга талаб ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ички ва ташқи меҳнат бозорига қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашда, меҳнат мигрантларининг иш сифати ва шароитларини яхшилашда, шунингдек, фуқароларнинг бандлигини ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур қарор асосида Нукус транспорт коллежи биносида Қурилиш соҳаси малакали кадрларини тайёрлаш маркази ташкил этилди. Марказда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарур жиҳозлар ва ўқув жараёнида фойдаланиладиган махсус техникалар билан таъминланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, марказ 14 касб бўйича ўқув режа ва ўқув дастурлари билан тўлиқ таъминланган бўлиб, ҳозирда ушбу йўналишларда 300 фуқаро ўқишга қабул қилинди. Улар уч ой давомида билим ва тажрибасини оширади ва ўқиш якунида уларга сертификат берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати