Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси нашрдан чиқди

Юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолати бўлган Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси 1993 йили 9 апрель куни қабул қилиниб, бугунга қадар бир неча марта ўзгаришлар ва қўшимчалар киргизилиб, такомиллаштирилиб келинмоқда.

Жумладан, 2021 йил 12 февраль куни ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн бешинчи сессиясида “Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб, мазкур қонун асосида Конституцияга бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилган эди.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасидаги, 15-модданинг иккинчи бўлимидаги ҳамда 36-моддаси матнидаги «одамлар» деган сўз «шахслар» деган сўз билан алмаштирилди. 70-модданинг 11-банди, шунингдек, 103 ва 104-моддалар олиб ташланди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан “Qaraqalpaqstan” нашриёти томонидан чоп этилган Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясида шу сингари ўзгаришлар ва қўшимчалар акс эттирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг матбуот хизмати