Қўнғирот туманидаги “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ташаббускорлари тақдирланди

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида битирувчилар салмоғи юқори кўрсаткичларни кўрсатган Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 39-сон умумтаълим мактабига давлат раҳбари совғаси, яъни “Спарк” автомобили топширилди.

Мазкур тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқов, Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов иштирок этди.

Бугунги тезкор ва глобаллашув даври юқори малакали дастурчи ва мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришни тақозо қилмоқда. Бугунги кун ва келажагимизни ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда соҳанинг етук кадрларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 60 фоизи ёшлардан иборат. Уларни замонавий ахборот технологиялари, дастурий маҳсулот яратиш ва аутсорсинг хизматларини кўрсатишга кенг жалб қилиш орқали иш билан таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларни модернизация қилиш ва янгилаш жараёнлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Ҳудудларда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ва IT-Парк филиаллари ўз ишини бошламоқда.

Шу билан бирга, IT соҳасини янада ривожлантириш борасида қатор танловлар ўтказилмоқда ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг негизида иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, қобилиятли, илмга чанқоқ ўқувчиларга таълим-тарбия бериш орқали етук кадрларни етиштириш каби мақсадлар мужассам. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ҳам айни мақсадларни ўзида мужассам этган.

Қайд этиш лозим, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган. Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Бирлашган Aраб Aмирликларининг “Dubai Future Foundation” фонди томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириб келинмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида uzbekcoders.uz ўқув порталида машғулотлар олиб борилди.

Жорий йил март ойининг якуни ҳолати бўйича республика миқёсида www.uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтиб “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олаётганлар сони жами 200 минг нафардан ортиқни ташкил этди. Шу жумладан, улардан 81 минг нафардан ортиғи иштирокчи ва 50 минг нафардан ортиғи битирувчи сертификатини қўлга киритди.

Ҳудудлар кесимида порталдан рўйхатдан ўтганлар сони бўйича Навоий вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри етакчилик қилиб келмоқда.

Фаолият тури бўйича таҳлил натижларига кўра умумтаълим мактаб ўқувчилари жами лойиҳа иштирокчилари орасида 67,2 фоиз билан етакчи ҳисобланади. Кейинги ўринларда олий таълим муассасалари талабалари, иш фаолияти билан банд бўлганлар, коллеж ва лицей ўқувчилари ва бошқаларни ташкил этади.

Лойиҳа доирасида энг кўп умумтаълим мактаб ўқувчилари uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтган. Иштирокчилар сони бўйича Навоий вилоятидаги мактаблар етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган вилоятидаги умумтаълим мактаблари энг фаол мактаблар рўйхатидан жой олган.

Ёш тоифаси бўйича таълим олувчиларнинг асосий қисми яъни 90 фоиздан ортиғи 13-34 ёшлар орасидаги ўқувчилар ҳиссасига тўғри келади. 2021 йилдан бошлаб халқаро IT сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифалари белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда ҳаётимиз ҳар жиҳатдан техника ва технологиялар билан боғлиқ. Ҳозирги кунда барча таълим даргоҳларида иқтидорли ёшлар ва ўқувчиларга илмий изланишлар олиб бориш, IT соҳасини чуқур ўзлаштириш ва дастурлаш асосларини мукаммал тарзда ўрганиб боришлари учун шароитлар яратилган.

Бу эса, келажак авлоднинг ахборот технологиялари соҳасидаги саводхонлигини янада ошиши учун хизмат қилади.

ЎзА