Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси байрамига бағишланган тадбир ўтказилди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси П.Айтниязов Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдаги аҳамияти тўғрисида маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Конституция ҳар бир давлат ва халқнинг орзу-мақсадлари, маънавий, ижтимоий онг ва маданиятини ҳар томонлама акс эттирувчи қонундир. 1993 йил 9 апрель куни қабул қилинган Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси янги жамият қуриш, янгидан-янги имкониятлар яратиб берувчи тарихий ҳужжат сифатида эъзозланиб келинмоқда. Унинг қабул қилиниши билан давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатлар, қонунчиликнинг барча соҳаларини тартибга солувчи ҳуқуқий тизим яратилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ўзининг қонун билан мустаҳкамланган давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Инсон манфаатларини таъминлаш, халқ билан мулоқот қилиш, истак ва таклифларини эътиборга олишда уларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституцияда кафолатланганлиги билан аҳамиятлидир.

Тадбир санъат усталарининг “Иқбол, бахтим – Конституциям!”мавзусидаги байрам концерт дастури билан якунланди.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА