Лойиҳаларнинг амалга оширилиш ҳолати ўрганилиб, вазифалар белгиланди

Жорий йилнинг 1 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги  “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4889-сонли қарори ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларнинг ижро ҳолатига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Вазирлар Кенгаши вакиллари, вазирлик ва идоралар, ҳудудларга бириктирилган банклар раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алихонов ва бошқалар Ҳурматли Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, халқимизга муносиб турмуш шароитини яратишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Қарор билан қабул қилинган дастур ижроси устидан Парламент назоратини ташкил этиш мақсадида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Сенат аъзолари билан ҳамкорликда бевосита жойларга чиқиб таҳлилий ўрганишлар мунтазам ўтказилмоқда. Ўрганишлар жараёнида нафақат назорат тадбирлари амалга оширилмоқда, балки, тадбиркорлар ва аҳоли фаоллари билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Қарорга мувофиқ ҳар бир шаҳар ва туманнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “ўсиш нуқталари” яъни драйвер соҳалар белгиланган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, тўқимачилик, нефт-кимё саноати, боғдорчилик, иссиқхоналар ташкил қилиш, ипакчилик, туризм соҳаси шулар жумласидандир. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ҳар бир ҳудудга вазирлик ва идоралар ҳамда тижорат банклари бириктирилган.

Йиғилишда таъкидланганидек, белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ва лойиҳаларни амалга оширишга қулай шарт-шароитлар яратиш учун қарор билан тадбиркорлик субъектларига ер солиғи, мол-мулк солиғидан озод қилиш каби қатор имтиёз ҳамда енгилликлар тақдим этилиши белгиланган.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесовнинг қарор ижроси юзасидан жорий йилнинг I чорак ҳолатига амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида 2020-2022 йиллар давомида умумий қиймати 12 триллион 318 миллиард 253 миллион сўм бўлган 1 359 та устувор лойиҳалар амалга оширилиши ва 17 631 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Қайд этиш жоизки, 2020 йилда умумий қиймати 3 триллион 677 миллиард 371 миллион сўмлик 588 та лойиҳалар (4 483 та янги иш ўринлари) ишга туширилиши белгиланиб, амалда 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 1 206 та лойиҳанинг 5 триллион 887 миллиард 424 миллион сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди ва 4 триллион 491 миллиард 922 миллион сўмлик 705 та лойиҳалар ишга туширилди, 4 411 та  янги иш ўрни яратилди.

2021 йилда умумий қиймати 5 триллион 290 миллиард 145 миллион сўм бўлган 592 та устувор лойиҳалар амалга оширилиши ва 10 495 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Жорий йилнинг I чорак якунига кўра, дастурда белгиланган 1 237 та лойиҳага 6 триллион 68,1 миллиард сўм инвестиция маблағлари, шундан 2021 йилнинг ўзида 53 та ташаббускорнинг 110,4 миллиард сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.

Жами 4 триллион 777,8 миллиард сўмлик 840 та лойиҳа ишга туширилиб, 5075 та янги иш ўринлари яратилди, шундан 2021  йилнинг ўзида 279,1 миллиард сўмлик 133 та инвестиция лойиҳалар ишга туширилди ҳамда 738 та янги иш ўринлари яратилди.

Шундан, 2021 йилнинг I чорак якуни билан 258,4 миллиард сўмга тенг бўлган 99 та лойиҳани амалга ошириш ва янгидан 902 та иш ўринларини яратиш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳалардан 166,4 миллиард сўмга тенг бўлган 77 та лойиҳа ишга туширилди ва 445 та янги иш ўринлари яратилди.

Шу билан бирга, 2021 йилнинг I чорак якунига кўра дастурга асосан қиймати 112,7 миллиард сўмга тенг бўлган 56 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилди ва  293 та  янги иш ўринлари яратилди.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бирга бир қатор муаммолар, жумладан, режалаштирилган лойиҳаларнинг муддатларида ишга туширилиши кечиктирилаётгани, банк томонидан кредит маблағлари ўз вақтида ажратилмагани, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ўз вақтида ер майдонлари  ажратилмаганлиги, ташаббускорлар томонидан ҳисоб-китоблардаги ноаниқликлар йўл қўйилгани танқид қилинди ва мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Б.Хабибуллаевнинг Қорақалпоғистон Республикасида Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар бўйича маълумоти тингланди.

Бугунги кунда Республика ҳудудларида амалга оширилаётган халқаро молия институтлари (ХМИ) маблағлари ҳисобидан қиймати 3 983 миллион долларлик  истиқболли лойиҳалар мавжуд. Шундан, Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий соҳа ва инфратузилма тизимини ривожлантириш мақсадида 20 та истиқболли лойиҳа доирасида 1 326,7 миллион долларлик маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Коммунал хўжалиги соҳасида қиймати 1 453 миллион долларлик 3 та лойиҳа, инфратузилма соҳасида қиймати 833 миллион долларлик 4 та лойиҳа, сув хўжалиги соҳасида қиймати 223 миллион долларлик 2 та лойиҳа, қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 300 миллион долларлик 2 та лойиҳа, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қиймати 120 миллион долларлик 1 та лойиҳа, бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда олий ва ўрта маҳсус таълими соҳасида қиймати 100 миллион долларлик  1 та лойиҳа,  соғлиқни сақлаш соҳасида қиймати 354 миллион долларлик 3 та лойиҳа ва бошқа соҳаларда қиймати 600 миллион долларлик 4 та лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда. Бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда кўрилган ҳар бир масала чуқур танқидий-таҳлил қилиниб, ушбу масалаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ва идоралар, тижорат банкларининг мажбуриятлари белгилаб берилди, муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати