11 Июнь 2021 16:06:46
|

Қорақалпоғистонлик фахрийларга эҳтиром кўрсатилмоқда

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Қораўзак туманидаги «Қорабуға» овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Генжемурат Алланиязовнинг хонадонида бўлиб, байрам совғаларини топширди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида “Хотира бор экан – миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида тадбирлар ўтказилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Фахрий отахонга давлатимиз раҳбарининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 12 000 000 (ўн икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар топширилди.

– Мамлакатимизда биз уруш қатнашчиларига ҳамиша эҳтиром кўрсатиб келинмоқда, бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз, – дейди уруш қатнашчиси Генжемурат Алланиязов. – Саломатлигимиздан хабар олиб турибди. Илоҳим, энди уруш бўлмасин, бугунги фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.

Қорақалпоғистон Республикаси санъат усталари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи оркестри аъзолари ижросидаги куй-қўшиқлар фахрий оталаримизнинг уруш йилларида кўрсатган жасоратини ёдга солди.

 

 

Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов Нукус шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қадирбой Нармановнинг хонадонида бўлди. Унга давлатимиз раҳбарининг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 12 000 000 (ўн икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар топширилди.

Оролбўйида Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА