АЛЛАЯР ДОСНАЗАРОВ ВА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОННИНГ ЯНГИ ТАРИХИ

8 май куни пойтахтимизда элимизнинг улуғ фарзанди, давлат ва сиёсий арбоб Аллаяр Досназаровнинг 125 йиллигига бағишланган “А.Досназаров ва Қорақалпоғистоннинг янги тарихи” мавзусида республика илмий-назарий конференция бўлиб ўтди.

Дастлаб Аллаяр Досназаровнинг бюстига гул қўйиш маросими ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олимлар, ёзувчи-шоирлар, Аллаяр Досназаровнинг авлодлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек Қозоғистон Республикасидан келган меҳмонлар қатнашди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов Аллаяр Досназаровнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириб, бюстига гул қўйди.

 

Шундан сўнг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида республика илмий-назарий конференция ташкил этилди.

Конференция Аллаяр Досназаров тўғрисидаги ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов очиб, сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида тарихимизни қайта ўрганишга, айниқса, қатағон қурбонлари бўлган юрт фарзандларининг номларини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, бугунги кунда юртимизнинг улуғ фарзанди Аллаяр Досназаровнинг номини абадийлаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Жумладан, 2020 йили пойтахтимиз Нукус шаҳрида бобомизнинг бюсти ўрнатилиши улуғ бобомизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди. Шу йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими ташаббуси билан илмий конференция ташкил этилиб, унинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида янги маълумотлар аниқланди.

Ўзининг қисқа умри давомида Аллаяр Досназаров чуқур билим ва тажрибаси, етук ташкилотчилик қобилияти, ватанпарварлиги билан жамоатчилик орасида кенг танилиб, эл орасида катта ҳурмат ва обрўга эришди.

Айниқса, унинг Қорақалпоғистон Автоном областини тузишдаги алоҳида меҳнатлари, халқимизнинг миллий хусусиятларини аниқлаш масалаларидаги ташкилотчилик қобилияти, миллий-давлат чегараларини белгилашдаги жонкуярлиги, шунингдек, маънавиятимизни ва маърифатимизни ривожлантириш йўлидаги фидокорона хизматлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Конференцияда академик Н.Айимбетов, Қорақалпоғистон халқ шоири, сенатор Г.Аннақиличева, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси А.Султанов,  Аллаяр бобомизнинг авлоди Б.Алламбергенов, Қозо­ғистон Республикасидан келген меҳмонлар сўзга чиқиб, бобомизнинг ҳаёт ва меҳнат йўли, унинг юртимиз тарихида тутган ўрни ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати