ХОТИРА БОР ЭКАН – МИЛЛАТ БАРҲАЁТ

9-май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланди.

Пойтахтимизда байрам муносабати билан ўтказилган учрашув иштирокчилари онлайн видеоалоқа орқали Тошкент шаҳрида ташкил этилган байрам тадбирида қатнашди.

Ҳурматли Президентимиз буюк Ғалабанинг 76 йиллиги ҳамда хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқимизни табриклади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Президентимиз ва халқимизни байрам билан табриклади. Юртимизда уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони асосида уруш қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларини рағбатлантириш мақсадида республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида қатор ишлар амалга оширилди. Уруш фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга совғалар топширилди.

***

Байрам муносабати билан пойтахтимиз Нукус шаҳридаги “Мотамсаро она” ёдгорлиги майдонига республикамиз раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари йиғилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов байрам муносабати билан “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиб, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлганларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шунингдек, Қуролли Кучлар тизимига кирувчи тузилмалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам ҳайкал пойига гул қўйди.

Тадбирда Ватанимиз ва тинчлигимиз ҳимоячиларининг ҳарбий саф тортиб юриш маросими бўлиб ўтди.

Шундан сўнг байрам иштирокчилари “Ватанпарварлар боғи”нинг очилиш маросимида қатнашди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2019 йил декабрь ойидаги қарори билан тасдиқланган йўл харитасига асосан барпо этилган мазкур боғ 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллик байрамига ўзгача туҳфа бўлди.

Бу ерда  Иккинчи жаҳон урушида ғалабага эришишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳамда бугунги кундаги замонавий ҳарбий техникаларнинг кўргазмаси ташкил этилди. Шу билан бирга урушда ҳалок бўлган Ватаннинг мард фарзандларига тегишли маълумотлар жамланган “Хотира уйи” ҳам ўрин олган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати