ТАХИАТОШ ТУМАНИДА ТИББИЙ ДИАГНОСТИКА МАРКАЗИ ҲАМДА ТИКУВЧИЛИК ЦЕХИ ОЧИЛДИ

Тахиатош туманида «Тахиатош ИЭС» АЖ га қарашли тиббий диагностика маркази ҳамда тикувчилик цехи биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев, Осиё тараққиёт банки, Иссиқлик электр станциялари акциядорлик жамияти, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тахиатош туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси меҳмонларни ва туман аҳлини замонавий тиббий диагностика маркази ҳамда тикувчилик цехи биносининг очилиши табриклади.

Шундан сўнг, меҳмонлар тиббий диагностика марказига ўрнатилган жиҳозлар ва тикувчилик цехидаги иш жараёни билан танишишди.

Тиббий диагностика марказида Республикада ягона бўлган замонавий МРТ қурилмаси ўрнатилган ва шу билан бирга электрокардиограмма, видеоэндоскопия, ультратовуш диагностикаси, стоматология ва бошқа тиббий қурилмалар ўрнатилган. Марказда тажрибали шифокор ва ҳамширалар томонидан хизмат кўрсатилади. Даволаниш учун мурожаат қилган фуқароларга аниқ ташхис қўйган ҳолда амбулатор даволаниши таъминланади.

Тикувчилик цехида бичиш, тикиш ва бошқа тикувчилик машиналари ёрдамида тажрибали ёш хотин-қизлар томонидан эркак ва аёллар учун кийимлар ва станция ходимлари учун махсус ҳимоя кийимлари тайёрланади.

Ушбу тиббий диагностика маркази ва тикувчилик цехининг ишга туширилиши натижасида 65 та янги иш ўринлари яратилди, шундан диагностика марказида 48 та иш ўринлари ва тикувчилик цехида 17 та иш ўринлари яратилди. Тахиатош туманидаги бу ижтимоий объектнинг ишга туширилиши туман аҳлига катта совға бўлди.

Тахиатош тумани ҳокимлигининг Ахборот хизмати