ДАВЛАТ ГРАНТЛАРИ ҒОЛИБЛАРИГА СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛДИ

2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан давлат грантлари учун эълон қилинган танловлар ғолибларига сертификат топшириш маросими ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қарорга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондига 2021 йил учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 20 майидан – 20 июнигача муддат оралиғида давлат грантлари учун “Жамиятимизда оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш” мавзусида биринчи танлови ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзусида иккинчи танлови эълон қилинган эди.

Танловларга нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бир нечта лойиҳалар тақдим этилиб, улар Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг Ишчи гуруҳи томонидан дастлабки таризда ўрганиб чиқилди ва комиссиянинг 28 июнь куни ўтказилган йиғилишида ғолиблар аниқланди.

Тадбирда танловларда ғолиб бўлган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси” Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Ўзбекистон ногрионлар жамияти Тахтакўпир тумани бўлими, “Панацея” жамоат бирлашмаси раҳбарларига сертификатлар топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати