Қўл жанги бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди

2 июнь куни Нукус шаҳридаги Амфитеатрда қўл жанги бўйича профессионал спортчилар ўртасидаги халқаро турнир бўлиб ўтди.

Турнирда юртимиз спортчилари билан бирга Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон ҳамда Камерундан келган қўл жанги усталари ғолиблик учун баҳслашди.

Дастлаб турнирнинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, ҳукумат аъзолари, турнирни ташкил этган вазирлик ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.

Маросимда сўзга чиққанлар юртимизда Президентимиз томонидан спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом инсонлар қилиб вояга етказиш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади ва  спортчиларга омад тилади.

Турнирнинг дастлабки беллашуви 65 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар ўртасида бўлди. Унда ҳамюртимиз, икки карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар совриндори Нурпейс Қарлибаев озарбайжонлик спортчи, халқаро турнирлар ва жаҳон чемпионати совриндори Руслан Маммадовни енгди.

Турнинг вазни 75 килограмм бўлган спортчилар ўртасидаги баҳсда яна бир ҳамюртимиз, қўл жанги бўйича икки карра мамлакат чемпиони, халқаро турнирлар совриндори Шерзад Жуманазаров камерунлик спортчи Рушие Шанелни муддатидан аввал енгган бўлса, мазкур вазн тоифасидаги тутил жангида қўл жанги бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Жаҳонгир Жумаев беларуслик Артём Булоичукни нокаутга учратди.

Спортчиларимизни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов табриклаб, уларга пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, турнирда Мафтуна Қувондиқова россиялик Диана Саадуллаева, Шахбоз Турсунов россиялик Арсен Мутачев, Олим Нормуродов украиналик Анатолий Журакиевский устидан ғалаба қозонди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати