ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСДА ҚАБУЛ

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов 19 июль куни “Diplomatic World” журнали ижрочи директори Барбара Дитрих ва “Diplomatic World Institute” маркази менежери Альберто Туркстрани қабул қилди.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес Раиси М.Камалов меҳмонларни республикамизга ташрифи билан қутлаб, ҳурматли Президентимиз томонидан юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасида сўнгги йилларда барча соҳаларда катта ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда. Айниқса, шаҳар ва туманларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва тадбиркорлик, туризм соҳаларини янада қўллаб-қувватлаш, Оролбўйидаги экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича бир қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 2 октябрдаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Республикани ривожлантириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб бергани ҳамда 11 ноябрь кунги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилингани Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий, жумладан, саноат ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва саноат инфратузилмаларни яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, шу асосда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

2021 йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиниши тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилиниши Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик ҳолатни яхшилашга қаратилган минтақавий чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳудудимизнинг табиатини тиклаш ва яхшилаш, табийий ресурсларни сақлаш ва аҳолининг турмуш сифатини ошириш борасидаги ишларни янада юқори босқичда давом эттиришда катта аҳамиятга эга тарихий воқеа бўлди.

Меҳмонлар самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдириб, кўп йиллар давомида Орол денгизининг қуришининг салбий оқибатлари билан курашиб келаётган республикада бугунги кунда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчихонаси раҳбарияти билан эришилган келишув бўйича 2021 йил сентябрда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган журналнинг махсус сони нашр қилиниши, унда Қорақалпоғистон Республикасида Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ табийий офатнинг оқибатларини бартараф этиш, минтақани экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш, туризмни ривожлантириш, республикага хорижий инвестицияларни жалб қилиш, энергетика жабҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида материал таёрлашни режалаштираётганини айтиб ўтди.

“Diplomatic World” журнали сиёсат, дипломатия, бизнес, молия, санъат ва маданият соҳаларини кенг ёритиб келмоқда. Журнал Европанинг парламент аъзолари, Европа Иттифоқи раҳбарлари, ишбилармон доиралар, дипломатик корпус ва Брюсселда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларга тарқатилади.

Учрашувда келгусида ҳамкорликни бундан буён ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Бельгиялик меҳмонлар Қорақалпоғистонга ташрифи давомида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига саёхат қилиши ва Мўйноқ тумани билан танишиши режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати

М.Ҳабибуллаев олган суратлар