1

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масаласи муҳокама этилди

28 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси билан  ҳамкорликда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов очди ва бошқариб борди.

Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг бугунги ҳолати вазирлик ва ҳудудлар кесимида муҳокама қилиниб, бу борада устувор вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича барча масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар, сектор раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилинди. Ишчи гуруҳ шаҳар ва туманларга, айниқса, чекка маҳалла ва овулларга 15 кунлик мобилизация қилиниб, мурожаатларни жойига чиққан ҳолда ижобий ҳал қилиш чораларини кўриш белгиланди. Тасдиқланган графиклар асосида ҳафтасига камида 2 кун олис, чекка, оғир ва муаммоли ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этиш йўлга қўйилди,  маълум муддат талаб этадиган ва молиялаштириш зарур бўлган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича Туман, Қорақалпоғистон Республикаси ва Республика даражасига қараб, “Йўл хариталар”ни ишлаб чиқиш ва ижросини алоҳида назоратга олиш белгилаб олинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алихонов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги халқ қабулхонаси раҳбари С.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси Р.Айтмуратов ва бошқалар бугунги кунда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг ҳал қилиниш ҳолати, бу борада амалга оширилган ишлар ва муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Халқ ва Виртуал қабулхоналарга аҳоли томонидан жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 33 минг 934 та мурожаатлар келиб тушиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ўсган. Мурожаатларнинг 7276 таси, яъни 21 фоизи ижобий ҳал қилинган. Келиб тушган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганида фуқаролар кўпроқ аҳолининг бандлигини таъминлаш, кредит ажратиш, моддий ёрдам ва нафақа, электр ва газ, соғлиқни сақлаш масалаларида мурожаатлар йўллагани аниқланган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига 2021 йилнинг январь-июнь ойларида 1640 та масала бўйича 1534 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 1607 таси (98,0%) ҳал этилган.

Йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар атрофлича муҳокама этилди, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда депутатларнинг ўрни ва масъулиятини ошириш, уларнинг ўзлари сайланган ҳудуддаги муаммолар тегишли вазирлик ва ҳокимликлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганини доимий ўрганиб, назорат қилиб бориш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларини ижобий ҳал қилиш, айниқса, чекка ҳудудлардаги аҳолининг яшаш шароитини ўрганиш ва яхшилаш масаласига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Қорақалпо­ғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати
М.Ҳабибуллаев туширган суратлар