ЭРКИНЛИГИМИЗ, ФАРОВОН ВА БАХТЛИ ҲАЁТИМИЗ ТИМСОЛИ

Пойтахтимиздаги Амфитеатрда юртимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, сектор раҳбарлари, вазирлик ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тантанали тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов очиб, халқимизни энг улуғ, энг муқаддас байрам – юртимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида ўтган қисқа вақт ичида барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистонда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги беш йилда юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Бунинг натижасида аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиб, бир қатор йирик саноат корхоналари, кўплаб ижтимоий соҳа объектлари ишга тушди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” йўлга қўйилди.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунар  ва тадбиркорликка ўргатиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида ёшларимиз бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан турли соҳаларда юқори натижаларга эришмоқда.

Жумладан, яқинда Японияда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида 4 нафар спортчимизнинг иштирок этгани, бир қатор ёшларимизнинг давлат мукофотлари билан тақдирлангани бунинг яққол далилидир.

…Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари ижро этилади.

Тадбирда Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларимиз ва уларнинг мураббийларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига мувофиқ, фахрий унвонлар, шунингдек, спортчиларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан пул мукофотлари топширилди.

Тантанали байрам тадбири концерт дастури билан давом этди. Дастурдан жой олган санъат усталари ва ёш иқтидор эгалари ижросидаги Ватан, дўстлик, тинчлик ва тотувлик, ёшлик ҳақидаги қўшиқлар ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати