“КИТОБ КАРВОНИ” ЙЎЛГА ЧИҚДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори асосида умумий ўрта таълим мактабларининг кутубхона фондларини адабий китоблар билан таъминлаш мақсадида уларга маблағ ажратиш белгиланган эди.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда шаҳар ва туманлардаги ахборот ресурс марказларининг кутубхона фонди учун бир ярим миллиардга яқин маблағ ажратилиб, 55 минг дона қорақалпоқ тилидаги китоблар чоп этилди, 26 минг донадан зиёд ўзбек тилидаги адабий китоблар сотиб олинди.

Шу йилнинг 7 сентябрь куни пойтахтимиздан адабий китоблар юкланган китоб карвонлари ўз манзилларига қараб йўл олди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Р.Реимов сўзга чиқиб, юртимизда Президентимиз томонидан ёш авлоднинг ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб етишишини таъминлаш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бу борада Президентимиз томонидан бир қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилинганлиги, мамлакатимизда жорий қилинган 5 муҳим ташаббуснинг бири – китобхонликни ривожлантириш бўйича бир қатор ишларнинг амалга оширилаётгани, китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида китоб ярмаркалари, танловлар мунтазам ташкил этилаётгани катта аҳамият касб этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг “Умумий ўрта таълим мактабларининг кутубхона фондларини адабий китоблар билан таъминлаш мақсадида уларга маблағ ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати