ҲУДУДЛАРДА ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШ ДАРАЖАСИ БАҲОЛАНАДИ

8 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев иштирокида Сенат томонидан 2021 йил 31 июлда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш масалаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари, шунингдек, тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси Д.Қурбаниязов очди ва олиб борди.

Таъкидланганидек, Ҳурматли Президентимиз томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини изчиллик билан ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқлари билан қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши, бу борада бир қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир.

Шу йилнинг 30 июнь куни – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган ёшлар форумида Президентимиз томонидан ёшлар билан ишлашни янада такомиллаштириш, бу борада янги тизим яратиш юзасидан ўта муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 июль кунги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Олий Мажлис Сенатига ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2021 йил 31 июлда «Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев Сенат қарорининг мазмуни, аҳамияти, асосий йўналишлари ва унда белгиланган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Қарорга мувофиқ, рейтинг баҳолашнинг асосий муҳим йўналишлари белгилаб олинди, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланиб, рейтинг баҳолаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди ва вазифалари белгилаб берилди.

Респубилка комиссияси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолашда 9 та индикатор ва 44 та субиндикатордан фойдаланилади. Ҳудудлар томонидан рейтинг баҳолаш учун зарур маълумотлар ҳар чоракда Ишчи органга тақдим этиб борилади. Бунда ҳудудлар маълумотларни марказлашган ягона электрон тизим (платформа) орқали масофадан электрон шаклда киритиб борилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати