Янграйверсин бахшиларнинг достонлари

Нукус шаҳрида 17 сентябрь куни II Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда маданият ва санъат намояндалари, жамоатчилик вакиллари, санъат мухлислари, хорижлик меҳмонлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг II Халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.

Асрлар оша оҳорини тўкмай бизгача етиб келган халқ ижодиёти намуналари, достонлар, термалар, афсона ва асотирларда аждодларимизнинг эзгу орзу-умидлари, инсонпарварлик ғоялари, ҳаётий қарашлари ўз ифодасини топган. Янги Ўзбекистонни барпо этишда миллий қадриятларимизга мурожаат этилаётгани замирида бебаҳо маданий меросимизни асраб-авайлаш, уни тарғиб этиш, ёшларда эҳтиром туйғуларини уйғотиш мақсади мужассам. Бу жиҳатлар мақом, бахшичилик, ҳунармандчилик фестиваллари тимсолида ҳаётимиздан тобора чуқур жой олмоқда.

Бахшиларимиз мероси жуда бой ва ранг-баранг. Масалан, Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёд билган. Ҳар бир достон ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни ҳам ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижро қудрати ўз-ўзидан аён бўлади.

Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши, Абдуқаҳҳор ва Абдумурод Раҳимов, Шомурод Тоғаев, Зиёдулла Исломов, Норбек Абдуллаев, Қаландар Норметов, Қодир Раҳимов каби бахшиларимиз бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди. Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм ва Қорақалпоғистонда бахшичилик санъати ривожланган. Ҳозирги кунда Булунғур, Шаҳрисабз, Қамай, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун, Хоразм ва Қорақалпоқ достончилик мактаблари бетакрор ижроси билан ажралиб туради. «Алпомиш», «Гўрўғлининг туғилиши», «Равшан», «Кунтуғмиш», «Рустамхон», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», “Авазхон” каби ўнлаб достонлар халқ руҳини, унинг теран маънавиятини ўзида акс эттиради.

Нукусда ўтаётган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалида 22 давлатдан 100 дан ортиқ бахши, оқин ва жировлар, бадиий жамоалар қатнашмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудидан келган ижрочилар ўз санъатини намойиш этяпти.

Тадбир доирасида “Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Фестиваль иштирокчилари учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Халқ учун” миллий операси намойиши ва Мўйноқ туманидаги маданий мерос объектларига экскурсиялар ташкил этилади.

…Нукусдаги саҳнада турли давлатлар байроқлари ҳилпирайди. Бахшию оқинлар ижросида халқона оҳанглар янграйди. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар концертга янада завқ бағишлайди.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири