Дўстлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик тараннуми

 Тўрткўл  туманида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашни тараннум этган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” тадбири ўтказилди.

23 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманига Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Язгулы Мамедов ташриф буюрди.

Ҳурматли меҳмонга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Р.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири Р. М. Реимов, Тўрткўл тумани ҳокими Р.А.Шамуратов ва бир гуруҳ делегация аъзолари ҳамроҳлик қилдилар.

Делегация аъзолари дастлаб  “Отаюрт” овул фуқаролари йиғинидаги 51-сонли  умумтаълим мактабига бордилар.

Меҳмонлар мактабнинг инфратузилмаси билан танишиш билан бир қаторда ўқувчи ёшлар билан учрашдилар. Мактабдаги информатика ва туркман тили фанлари бўйича дарс ва бадиий тўгараклар фаолияти билан танишдилар. Туркман тилидаги бир нечта китобларни таржима Гурбандурди Вельбеговнинг ва мактабдаги бошқада китоблари билан танишдилар.

Меҳмонлар Тўрткўл туманидаги “Отаюрт” овул фуқаролари йиғинидаги А.Дурдиев номидаги Маданият маркази тантанали очилиш маросимида   иштирок қилдилар.

Қишлоқда ташкил қилинган замонавий дизайн ва қулайликларга эга Маданият марказининг фаолияти ва тўгараклар ишлари билан танишдилар.

Шунингдек, бу ерда  Қорақалпоғистон Республикаси Туркман миллий маданий маркази фаоллари  билан учрашув ҳам ташкил қилинди.

Ҳурматли меҳмонга қорақалпоқ миллий чопони ва дўпписи ҳамда қадимий  Шилпиқ қалъаси расми туширилган эсдалик совға қилинди.

Маданият марказининг 200 ўринли томошалар залида тадбир иштирокчилари учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ижодкорлари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали талабалари ва Тўрткўл тумани маданият саройи ходимлари томонидан бадиий ва мусиқали  концерт дастури намойиш этилди.

Меҳмонларнинг кейинги манзили туман марказидан 70 км олисдаги  “Пахтаобод” овул фуқаролар йиғинида жойлашган барча қулайликларга эга замонавий  типдаги 27-сонли мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу ерда болажонлар учун яратилган имкониятлар ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб етишишига имкон беради. Болажонлар томонидан ижро этилган ҳарбий-спорт ва миллий чиқишлар барчага хуш кайфият бахш этди.

Тадбир жараёнида Тўрткўл  туманининг “Пахтаобод” овули таниб бўлмас даражада гўзал қиёфага бурканди. Обод овулда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашни тараннум этган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” тадбирлари бошлаб юборилди.

Овулдан кираверишда ташкил қилинган катта  дарвозанинг ҳар иккала томони туманда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Бир томонда ўзбек, туркман, қозоқ ва қорақалпоқ миллий куй ва қўшиқлари жаранглаётган бўлса, бир томонда ёш спортчилар ўзларининг жисмоний машқларини намоийш қилдилар. Бир томонда туманда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат корхоналари маҳсулотлари эгаллаган бўлса, яна бир томонда  тумандаги драйвер соҳаларининг маҳсулотлари ўрин олди.

Айниқса байрам ўтказилиш саҳнасининг ҳар иккала томонида ташкил қилинган турли миллат вакилларининг қорауйлари ва уларнинг атрофида ташкил қилинган миллий ҳунармандчилик буюмлари, фольклор экспозициялар байрамнинг янада ўзига хос жозибали тарзда ўтишига сабаб бўлди.

“Пахтаобод” овули марказидаги катта ва кўркам боғда ташкил қилинган байрам тадбири турли миллат вакилларидан иборат уч авлод вакилларининг унутилмас онлари ила муҳрлангани шубҳасиз.

Зеро, ушбу “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирда  сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, фавқулодда вазиятлар вазири, генерал лейтенант Т.А.Худайбергенов, Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Язгулы Мамедов,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Камаловлар миллатлараро ҳамдўстлик ҳамда уч авлод вакиллари учрашувининг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.

Тадбир давомида бугун ёшларга ўрнак ҳаёт йўлини давом эттираётган катта авлод вакиллари эътироф этилди ва келажагимиз бунёдкорлари бўлган илмли, интилувчан ва шижоатли ёшлар ишлари тилга олинди.

Шунингдек, бугунги кунда намунали тарзда фаолият юритаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тантанали равишда мукофотланди.

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбир Қорақалпоғистон Республикасининг  ва тумандаги таниқли санъат усталарининг бадиий композицияли чиқишлари, жозибали рақслари, шўх куй ва қўшиқларидан иборат концерт дастури  ва мушакбозлик билан давом этди.

Тўрткўл тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати