ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ ЙИГИРМА ИККИНЧИ СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

6 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма иккинчи сессияси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, cектор ва соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари шаҳар ва туман студияларида иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов кириш сўз билан очди ва бошқариб борди.

Депутатлар сессиянинг Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессия кун тартибидаги дастлабки масала, яъни «Фирма номлари тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш масалалари бўйича қўмита раиси З.Реймова баёнот қилди.

Бу масала бўйича 48-сонли “Жингишке” сайлов округидан Жўқорғи Кенгес депутати Ш.Отемисов сўзга чиқди.

Депутатлар бу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Сессияда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида масала кўриб чиқилди. Бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси Д.Қурбаниязов баёнот қилди.

Бу масала бўйича 61-сонли “Бозжап” сайлов округидан Жўқорғи Кенгес депутати Б.Айтеков сўзга чиқди.

Депутатлар бу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Сессия кун тартибида «Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раисини сайлаш тўғрисида»ги масала кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ, Нурлипесов Амир Отеповични Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси этиб сайлаш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тақдимномаси депутатлар эътиборига ҳавола қилинди.

Бу масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди  – Нурлипесов Амир Отепович Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси лавозимига сайланди.

Шунингдек, сессияда «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти “Ҳудудгаз Қарақалпақстан” газ таъминоти филиали раҳбарининг ҳисоботи тўғрисида”, “Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш бўйича 2021 йилда амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисида”, “Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ҳисоботи ҳақида”, “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида белгиланган вазифаларнинг 2019-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг ахбороти ҳақида”, “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилиб, бу бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма иккинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати

М.Ҳабибуллаев олган суратлар