Жўқорғи Кенгеснинг депутатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган ва Қорақалпоғистон Республикаси «Cайлов тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси депутат бўлиб ҳисобланади.Депутат Жўқорғи Кенгеснинг ваколат муддатига сайланади.

Жўқорғи Кенгеснинг депутатлари Жўқорғи Кенгесда доимий асосда ишлаши мумкин ҳамда ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Депутат Жўқорғи Кенгеснинг сессиясида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.

 

Депутат:

– Жўқорғи Кенгеснинг қўмиталари ва комиссияларига сайлаш ва сайланишга;

– Жўқорғи Кенгеснинг сессияларида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

– Жўқорғи Кенгес сессиясининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда бу масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдиришга;

– қарор лойиҳалари ва уларга тузатишлар киритишга;

– Жўқорғи Кенгес томонидан тузиладиган қўмиталарнинг ва комиссияларнинг якка таркиби ва сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган лавозимли шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;

– мунозараларда иштирок этишга, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар беришга;

– депутат сўрови билан мурожаат этишга;

– ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан изоҳ беришга;

– Жўқорғи Кенгес сессиясида раислик қилувчига муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазаси матнини топширишга;

– ўзи аъзо бўлган Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг ва комиссияларининг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини сессия мажлисида баён этишга ёки бу ҳақда Жўқорғи Кенгес Раисига ёзма равишда маълум қилишга;

– Жўқорғи Кенгесга ҳисобдор ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини сессия мажлисларида эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;

– Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Қонунларининг ижро этилишини, шунингдек, Жўқорғи Кенгес қарорларининг бажарилишини текшириш тўғрисида кўриб чиқиш учун масалалар таклиф этишга;

– сессия мажлисларининг стенограммалари билан танишишга;

– фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органларга ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақли.