Фракциялар

Фракция сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатлар томонидан партия манфаатларини Жўқорғи Кенгесда ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир.

Жўқорғи Кенгес депутатининг фракцияга кириши тўғрисидаги қарор уларнинг мажлисларида қабул қилинади.

Жўқорғи Кенгеснинг депутати фақат бир фракциянинг аъзоси бўлиши мумкин.

Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Жўқорғи Кенгесга сайланган депутат фақат шу партия фракциясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Фракцияларнинг ташкил этилиши ва фаолияти тартиби Жўқорғи Кенгес Регламентида белгиланади.

Жўқорғи Кенгеснинг камида беш нафар депутати фракция тузиш ҳуқуқига эга.

Фракциялар рўйхатдан ўтиши керак. Жўқорғи Кенгеснинг сессиясида фракция раҳбари ёки бошқа вакили тегишинча фракция тузилгани ҳақида Жўқорғи Кенгесга ахборот беради, бу Жўқорғи Кенгес сессиясининг баённомасида қайд этилади.

Жўқорғи Кенгес фракция тузилганлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

Фракция:

-Жўқорғи Кенгес сессиясининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва моҳияти юзасидан таклифлар ҳамда фикр-мулоҳазалар киритади;

-Жўқорғи Кенгес сессиясида муҳокама қилинаётган ҳар бир масала юзасидан музокараларда фракция вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши ҳуқуқидан фойдаланади;

-муваққат комиссиялар тузиш тўғрисида масала қўяди;

-Жўқорғи Кенгес сессиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг тасарруфига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан мурожаат этади;

-Жўқорғи Кенгес сессиясида муҳокама қилинаётган масала юзасидан фракциянинг фикрини Жўқорғи Кенгес депутатлари ўртасида тарқатади;

-Жўқорғи Кенгеснинг Президиуми, қўмиталари ва комиссиялари ишида иштирок этади;

-Жўқорғи Кенгесда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари ва бошқа қарорларнинг лойиҳалари юзасидан ўз таклифларини киритади;

-ҳукумат аъзоларини уларнинг фаолияти масалалари юзасидан эшитиш тўғрисида масала қўяди;

-фракциянинг фаолияти учун зарур материаллар ва ҳужжатларни давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан талаб қилиб олади;

-қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.