Герблар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ГЕРБИ 

Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги 616-XII-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

 

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ ГЕРБИ

 

Қорақалпоғистон Республикаси Давлат герби Қорақалпоғистон Республикаси давлат суверенитетлигининг рамзидир.

Қорақалпоғистон Республикаси Давлат герби ўнг томони шоли бошоқларидан ва чап томони чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган, тоғнинг нариги тарафидан чиқиб келаётган қуёшнинг Амударё билан Орол белгиси бўлган дарё  ва денгиз тасвиридан иборат. Гербнинг юқори қисмида саккиз қиррали юлдуз ва беш юлдузли ярим ой тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзган Хумо қуши тасвирланган. Хумо қушининг орқасида Қорақалпоғистон халқларининг қадимги маданиятининг ўзига хос таг-томирлари бирлигининг нишони бўлган Қўрғонтоғ тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида “Qaraqalpaqstan” деб ёзиб қўйилган.

Қорақалпоғистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Қорақалпоғистонда турган бошқа шахслар Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт.