Жўқорғи Кенгес тўғрисида

Жўқорғи Кенгес олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.

Жўқорғи Кенгес – бир палатали орган, олтмиш беш депутатдан иборат.

Жўқорғи Кенгеснинг олтмиш беш депутати бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йули билан сайланади.

Жўқорғи Кенгес фаолиятининг барқарорлиги ва самарадорлиги Жўқорғи Кенгес сессияси, Президиуми, қўмиталари, комиссиялари ва депутатларининг иш фаолияти билан таъминланади.

Жўқорғи Кенгес фаолиятининг тартиби Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгиланади.

Жўқорғи Кенгесга сайлов ўтказиш тартиби Қорақалпоғистон Республикаси “Сайлов тўғрисида”ги  Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Жўқорғи Кенгеснинг ваколат муддати беш йил.

Ўз ваколат муддати тамомланганидан кейин  Жўқорғи Кенгес янги чақириқ Жўқорғи Кенгесининг фаолияти бошлангунга қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Жўқорғи Кенгеснинг алоҳида ваколатлари қуйидагилардан иборат:

– Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;

– Қорақалпоғистон Республикаси қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, Қорақалпоғистон Республикаси Қонунларига изоҳ бериш;

– иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини қабул қилиш;

– Жўқорғи Кенгес Президиумини, қўмита ва комиссияларни тузиш;

– Жўқорғи Кенгес Раисини ва унинг ўринбосарини, қўмиталар ва комиссияларнинг раисларини сайлаш;

– Жўқорғи Кенгес Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномасига биноан Вазирлар Кенгаши Раисини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш;

– Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари ва Вазирлар Кенгашининг аъзоларини лавозимига тайинлаш ва озод қилиш;

– Қорақалпоғистон Республикаси вазирликларини, давлат қўмиталарини ва бошқа давлат бошқарув органларини тузиш ва тугатиш;

– Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасини сайлаш;

– Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси ва раиснинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси ва ўринбосари лавозимларига сайлаш;

– Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяларини, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяларини ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ва туман судлари, жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари, туманлараро иқтисодий судлари, туманлараро маъмурий судлари раислари, ўринбосарлари ва судьяларини тайинлаш;

– Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси ва раиснинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси ва ўринбосарини, судьяларини лавозимидан озод қилиш;

– Жўқорғи Кенгес Президиумининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Прокурорини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш;

– Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг раисини тайинлаш ва лавозимидан  озод қилиш;

– халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарорларини тўқтатиб қўйиш ва бекор қилиш;

– туманлар, шаҳарларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш;

– республика ва маҳаллий давлат ҳокимият органлари тизимини ва ваколатларини белгилаш;

– Вазирлар Кенгашининг тузилмасини, штатлари ва  фондини тасдиқлаш;

– маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;

– Вазирлар Кенгашининг тавсиясига биноан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини қабул қилиш ва унинг бажарилиши бўйича ҳисоботларини тасдиқлаш;

– Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг харажатларига ўзгартиришлар киритиш;

– республика ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Вазирлар Кенгаши Раисининг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;

– ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар бўйича ахборотини тинглаш;

– Туман, шаҳар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари бўйича ҳисоботларини тинглаши мумкин;

– Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мукофотларини ва фахрий унвонларини ташкил этиш;

– Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий ваколатли органларга сайловлар белгилаш, Марказий сайлов комиссиясини тузиш;

– Ўзбекистон Республикасининг олий давлат ҳокимият ва бошқарув органлари актларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Судига тавсиялар бериш;

– депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш;

– фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш;

– Қорақалпоғистон Республикаси Прокурорининг, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш;

– Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси бир йилда камида бир марта ўз сессияларида Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раисининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шу билан бирга корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга оид фаолияти тўғрисида ахборотини тинглайди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ушбу масала бўйича қабул қилинган қарорни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига юборади;

– Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ҳар ярим йиллик якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига жойлардаги норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолатлари ҳақида ахборот киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг ахборотини тинглаш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади;

– парламент назоратини амалга ошириш;

– Жўқорғи Кенгес Регламентини ҳамда ўз фаолиятини ташкил этиш Жўқорғи Кенгеснинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан бошқа қарорларни қабул қилиш.

Мансабдор шахсларни Жўқорғи Кенгес томонидан сайлаш, тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тартиби Жўқорғи Кенгес Регламентида белгиланади.

Жўқорғи Кенгес фаолиятинининг ташкилий шакли унинг сессиясидир.

Жўқорғи Кенгес сессияси заруратга қараб, лекин йилига камида икки марта ўтказилади.

Жўқорғи Кенгеснинг биринчи сессияси Жўқорғи Кенгес  таркиб топганидан кейин икки ойдан кечиктирмай Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.

Жўқорғи Кенгеснинг биринчи сессиясини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси очади ва Жўқорғи Кенгес Раиси сайлангунга қадар унда раислик қилади.

Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари мажлиси Жўқорғи Кенгеснинг Раиси таклифига ёки депутатлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Жўқорғи Кенгес сессияларида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, уларга ўзгартириш ва қушимчалар киритиш туғрисидаги қонунлари ҳамда Жўқорғи Кенгес ҳужжатлари қабул қилинади.

Жўқорғи Кенгес ва унинг органлари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Раислари ва ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикасининг вазирлари, давлат қўмиталарининг раислари, бошқа давлат бошқарув органларининг раҳбарлари ва Конституциявий назорат қўмитасининг раиси, ўринбосари ва аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори иштирок этишлари мумкин.

Жўқорғи Кенгес сессиясига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, матбуот органларининг, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.

Жўқорғи Кенгес сессиялари очиқ ва ошкора ўтказилади. Зарурат бўлганда, Жўқорғи Кенгес сессия мажлисини ёпиқ ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Жўқорғи Кенгес сессияларини ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби Жўқорғи Кенгес Регламентида белгиланади.            

Жўқорғи Кенгеснинг фаолиятини самарали ташкил этиш  мақсадида Жўқорғи Кенгеснинг Президиуми тузилади.

Жўқорғи Кенгес Президиуми сессия оралиғида заруриятига караб ойига бир марта чақирилади.

Жўқорғи Кенгес Президиумининг таркибига Жўқорғи Кенгес Раиси, унинг ўринбосари ва қўмиталар ҳам да комиссияларнинг раислари, Жўқорғи Кенгесдаги депутатлик фракцияларнинг раҳбарлари киради.

Жўқорғи Кенгес Президиуми ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.

Жўқорғи Кенгес, унинг органлари ва депутатлар фаолиятининг ташкилий, ахборот, моддий-техника таъминоти Жўқорғи Кенгеси Аппарати томонидан амалга оширилади.

Жўқорғи Кенгес Аппарати тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан тасдиқланади.

Жўқорғи Кенгес Аппарати ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари Жўқорғи Кенгеснинг ваколати муддатига боғлиқ бўлмайди.

Жўқорғи Кенгес Аппарати юридик шахс ҳисобланади.

Жўқорғи Кенгес Аппаратининг ташкил этилиши ва фаолияти тартиби Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан тасдиқланадиган Низомда белгиланади.