Жўқорғи Кенгес тарихи

1994 йил 24 сентябрьда ўтказилган ўн иккинчи чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Советининг ўн еттинчи сессиясининг кун тартибига мувофиқ, “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциявий Қонуни қабул қилинди ва уша кундан эътиборан Қонун ҳаракатга киритилди.

1994 йил 31 октябрьда “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Регламентини кучга киритиш тўғрисида” Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Советининг Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг регламенти 5 боб, 10 бўлим ҳамда 117 моддадан иборат бўлди.

1994 йил 25 декабрьда мамлакатимизда яна бир тарихий воқеа юз берди. Халқимиз мустақиллигимизни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга, халқ манфаатларини ҳимоя қилишга, одил демократик йўналишни қўллаб-қувватлайдиганлигини ишончли тарзда кўрсатди. Яъни, биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига илк марта ҳуқуқий-демократик, кўп партиявий асосида умумхалқ сайловлар ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ва ҳокимият вакиллик органларидан 172 та номзод 86 нафар депутатлик ўрин учун кураш олиб борди. Сайловчиларга ўзларининг энг яхши вакилларин танлаш ҳуқуқи берилди. Биринчи босқичда 75 та сайлов округида депутатлар сайланган бўлса, 11 та сайлов округида кўрсатилган номзодларнинг биронтаси ҳам етарлича овоз тўплай олмаганлиги сабаб 1995 йил 22 январьда қайта сайловларнинг қўшимча босқичи ўтказилди. Шундай қилиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширадиган юқори давлат ҳокимият органи — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлар корпуси шаклланди.

Сайловларга қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган 669 минг 904 нафар сайловчидан 628 минг 407 нафар фуқаро ўзларининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланди, бу сайловчиларнинг 96 фоизини ташкил этди.

Сайланган депутатларнинг 65,1 фоиздан ортиғи, яъни, 56 депутат вакиллик юқорғи органнинг таркибига биринчи марта кирди. Депутатларнинг барчаси олий маълумотли иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар, олимлар, саноат ва қишлоқ хўжалигининг тажрибали мутахассислари, ижтимоий соҳа вакилларидан иборат бўлди.

Жўқорғи Кенгесга Қорақалпоғистон Республикасида яшайдиган асосан 5 та миллатнинг вакиллари сайланиб, бу умумий тенг ҳуқуқлик принципларини тасдиқлайди. Шунингдек, парламент аъзоларининг 12 нафари хотин-қизлар бўлса, депутатларнинг учтан икки қисми 30 ёшдан 50 ёш оралиғидаги одамларни ташкил этди.

Жўқорғи Кенгес сессиясида ҳокимиятнинг вакиллик органларидан сайланган 43 нафар депутатдан иборат блок, 41 нафар депутатдан иборат Халқ демократик партиясининг фракцияси рўйхатга олинди.

Биринчи чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига халқнинг эрк-иқрори билан давлатнинг вакиллик ва қонун чиқарувчи юқори органининг самарали ишлашини таъминлайдиган катта интеллектуал ва профессионал кучлар жам бўлди. Шунинг билан бирга, сайловлар демократик йўл билан қонунлар ва қабул қилинган халқаро ўлчамларни тўлиқ бошчиликга олиб ўтказилди. Бу жараённи дунёнинг кўпгина давлатларидан ташриф буюрган мустақил назоратчилар ҳам тасдиқлади.

Биринчи чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессиясида Жўқорғи Кенгес Раиси ҳузуридаги Кенгес аъзоларининг таркиби, Жўқорғи Кенгес мандат комиссияси, Жўқорғи Кенгес қўмиталари (1. давлат ҳокимият органлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш ва жамоат бирлашмалари масалалари буйича қўмита, 2. Қонун чиқариш, қонунчилик ва ҳуқуқ тартиби масалалари буйича қўмита, 3. Иқтисодий ислоҳат ва бюджет сиёсати масалалари буйича қўмита, 4. Ижтимоий ривожланиш, илм ва маданият масалалари буйича қўмита, 5. Саноат, қурилиш, транспорт, алоқа ва халқга хизмат кўрсатиш масалалари буйича қўмита, 6. Агросаноат комплекси ва экология масалалари буйича қўмита)  иш бошлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайлов тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунига мувофиқ 1999 йил 5 декабрьда ўтказилган сайловда ва 19 декабрьдаги қайта овоз беришда Иккинчи чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 83 нафар депутат сайланди. Ўтказилган сайловда ва қайта овоз беришда 527 та сайлов участкасида рўйхатга олинган 756 минг 998 нафар сайловчидан 735 минг 710 нафар сайловчи, яъни умумий сайловчиларнинг 97,2 фоизи қатнашиб, ўзлари танлаган номзодлар учун овоз берди.

Сайланган депутатларнинг 62 навари Халқ демократик партиясининг, 5 нафари “Фидокорлар” миллий демократик партиясининг, 1 нафари “Ватан тараққиёти” партиясининг аъзолари бўлса, 15 нафар депутат партиясиз эди. Сайланган депутатларнинг барчаси олий маълумотли ҳисобланиб, уларнинг орасида 3 нафар ўқитувчи, 6 нафар шифокор, 40 нафар муҳандис, 14 нафар иқтисодчи, 1 нафар журналист, 3 нафар ҳуқуқшунос  ва 5 нафар бошқа мутахассисликдаги депутатлар бор эди.

Учинчи чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 2004 йил 26 декабрьда ўтказилган сайловларда ҳамда 2005 йил 9 январьдаги бўлиб ўтган қайта овоз беришда 544 та сайлов участкасида 85 нафар депутат сайланди.

2004 йил 26 декабрьдаги асосий сайловларда рўйхатга киритилган 844 минг 1 нафар сайловчидан 762 минг 887, яъни 90,4 фоиз сайловчи қатнашди.

Сайланган депутатларнинг 34 нафари Халқ демократик партиясидан, 36 нафари Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан, 5 нафари “Фидокорлар” миллий демократик партиясидан бўлса, 10 нафар депутат партиясиз эди. Сайланган депутатлардан 84 нафари олий маълумотга, 1 нафари ўрта-махсус маълумотга эга эди. Уларнинг орасида 11 нафар ўқитувчи, 5 нафар шифокор, 37 нафар муҳандис, 6 нафар агроном, 14 нафар иқтисодчи, 1 нафар журналист, 1 нафар ҳуқуқшунос ва 10 нафар бошқа мутахассисликдаги депутатлар бор эди.

2009 йил 27 декабрьдаги сайловларда ҳамда 2010 йил 10 январьдаги қайта овоз беришларда 560 та участкада сайловлар ўтказилди. Асосий сайловлар куни рўйхатга киритилган 1 млн. 11 минг 197 нафар сайловчидан 919 минг 191 нафар сайловчи, яъни умумий сайловчиларнинг 90,9 фоизи қатнашди.

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг республика органларидан умумий 257 нафар фуқаронинг ҳужжатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинди.

2009 йил 27 декабрьда ўтказилган сайловларда 74 та сайлов округидан депутатлар сайланди, 4 та округда қайта овоз бериш, 8 та округда қайта сайлов ўтказиш зарурлиги аниқланди. 2010 йил 10 январь куни 4 та округда қайта овоз бериш ўтказилиб, уларнинг тўрттасида ҳам депутатлар сайланиб, умумий 78 та сайлов округида депутатлар сайланди. Шундан 27 нафар депутат Халқ демократик партиясидан, 21 нафар депутат “Миллий тикланиш” демократик партиясидан, 24 нафар депутат Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан, 6 нафар депутат “Адолат” социал-демократик партиясидан. Сайланган депутатларнинг барчаси олий маълумотли, шундан 7 нафар депутат ўқитувчи, 11 нафар депутат шифокор, 34 нафар депутат муҳандис, 3 нафар депутат агроном, 12 нафар депутат иқтисодчи, 3 нафар депутат журналист, 4 нафар депутат ҳуқуқшунос ва яна 4 нафар депутат бошқа мутахассисликлардан.

2014 йил 21 декабрьда асосий сайловлар куни рўйхатга киритилган 1 млн. 158 минг 823 нафар сайловчидан 1 млн. 63 минг 799 нафар сайловчи қатнашди, бу умумий сайловчиларнинг 91,8 фоизини ташкил этди. Сайловлар якунида 58 та сайлов округидан депутатлар сайланди ва 7 та округда қайта овоз бериш зарурлиги аниқланди. Шундай қилиб, 2015 йилнинг 4 январь куни 7 та округда қайта овоз бериш ўтказилиб, уларнинг барчасида депутатлар сайланди.

Сайланган депутатлардан 15 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг, 23 нафари Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг, 16 нафари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг, 7 нафари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг аъзолари бўлса, 4 нафар депутат партиясиз эди.

Сайланган депутатларнинг барчаси олий маълумотга эга бўлиб, шундан 14 нафар депутат ўқитувчи, 7 нафар депутат шифокор, 24 нафар депутат муҳандис, 6 нафар депутат агроном, 2 нафар депутат иқтисодчи, 3 нафар депутат журналист, 1 нафар депутат ҳуқуқшунос ҳамда 6 нафар депутат бошқа мутахассисликлардан иборат.

Сайловлар юқори савияда ташкил этилди. Жўқорғи Кенгеснинг самарали ишларини таъминлайдиган, юртимизда тинчликни асраш, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, халқимизнинг фарован турмиши, олдимизда турган буюк мақсадлар йўлида самарали ишлар олиб борадиган депутатларни сайлашга бўлган иштиёқ ҳамма жойда сезилди.

Қорақалпоғистон Республикасининг “Сайлов тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 2019 йил 22 декабрь ва 2020 йил 5 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ўтказилган сайлоавлар юртимиз ҳаётида демократик давлат, очиқ фуқаролик жамият қуриш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остидаги сайловлар ҳаракатдаги қонунлар асосида демократия ва ошкоралик принцплари асосида ўтказилди. Сайловларга ҳар томонлама тайёргарлик кўрилди. Унинг барча босқичларини хориждан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари кузатиб борди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайлов  65 округ бўйича 622 сайлов участкасида ўтказилди. 2019 йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловларга рўйхатга киритилган 999333 сайловчидан 771494 сайловчи, яъни 77,2 фоизи қатнашди. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг республикамиздаги органларидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига номзод сифатида тақдим этилган 325 номзод рўйхатга олинди. Қорақалпоғистон Республикасининг “Сайлов тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 16 номзоднинг «номзодликдан воз кечиш ҳақида»ги аризаси қаноатлантирилди. Шу тариқа, сайлов бюллетенларига 50 округда 5 номзоддан, 14 округда 4 номзоддан, 1 округда 3 номзоддан киритилди. 2020 йил 5-январь куни икки округда қайта сайлов бўлиб ўтди. Умуман 65 сайлов округида депутатлар тўлиқ сайланди. Шундан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси республика органидан 19, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси республика органидан 14, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси республика органидан 6, Ўзбекистон Халқ демократик партияси республика органидан 16, Ўзбекистон Экологик партияси республика органидан 10 депутат сайланди. Депутатлар бешта миллат вакилларидан иборат бўлиб, шундан 45 эркак, 20 хотин-қизлар ташкил этади.

“Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий Қонунига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси республикада қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширадиган юқори давлат вакиллик органи бўлиб ҳисобланади.