Қўмиталар

Қўмиталар
Жўқорғи Кенгес муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ҳамда Жўқорғи Кенгес томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун Жўқорғи Кенгес ваколатлари муддатига депутатлар орасидан раис ва аъзолардан иборат таркибда қўмиталар (комиссия) сайланади.Қўмита (комиссия) раиси ва қўмита аъзолари лавозимлари депутатларнинг қайси партияга мансублигини ҳамда сайловда сайловчиларнинг қанча овозини олганлигини инобатга олган ҳолда яхлит (умумий) қарор билан белгиланади.Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг (комиссияларининг) барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Қўмита (комиссия) таркибига сайланмаган депутатлар унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этишга ҳақли.

Жўқорғи Кенгес қўмиталари (комиссиялари) Жўқорғи Кенгес олдида масъул ва унга ҳисобдордир.

Жўқорғи Кенгес қўмиталари (комиссиялари):

– Жўқорғи Кенгес, унинг Раиси, Президиуми топшириқлари ёки ўз ташаббуси асосида ўзларининг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича қонунларнинг ва Жўқорғи Кенгеснинг бошқа қарорларинининг лойиҳаларини ишлаб чиқади;

– қонун лойиҳаларининг дастлабки тарзда кўриб чиқилишини ва уларни Жўқорғи Кенгесда кўриб чиқишга тайёрлашни амалга оширади;

– қонунни сессия мажлиси кун тартибига киритиш ёки унинг устида ишлашни давом эттириш ёхуд асослантирилган ҳолда уни рад этиш тўғрисида Президиумга таклифлар киритади;

– Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети лойиҳаси юзасидан хулосалар ва таклифлар беради;

– Жўқорғи Кенгеснинг топшириғига ёки Жўқорғи Кенгес Президиумининг тавсиясига биноан муайян қонун лойиҳаси ёки палата ваколатларига кирадиган бошқа масала юзасидан масъул бўлади;

– қўмиталар (комиссиялар) ишлаб чиққан, шунингдек қонун чиқариш ташаббуси асосида киритилган қонунларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлари тузади, уларнинг таркибига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларини жалб этади;

– қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари вакилларининг улар томонидан киритилган қонун лойиҳасига тааллуқли масалалар юзасидан фикрларини эшитади;

– киритилган Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, шунингдек Жўқорғи Кенгес томонидан қабул қилинаётган қарорлар матнига ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

– давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосалари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олади;

– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, Жўқорғи Кенгес ҳужжатлари ҳамда қўмиталарнинг қарорлари улар томонидан қандай бажарилаётгани ҳақидаги ахборотларини эшитади.  

  Жўқорғи Кенгес қўмиталари (комиссиялари) ишни ўз режаларига, шунингдек, Жўқорғи Кенгес, унинг Раиси ва Президиуми топшириқлари ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этади.

Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг (комиссияларининг) фаолияти тартиби Жўқорғи Кенгес Регламентида белгиланади.

 Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг (комиссияларининг) мажлислари заруратига кўра чақарилади ва ўтказилади.

Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг (комиссияларининг) мажлислари, агар уларда қўмита аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг (комиссияларининг) мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганида Жўқорғи Кенгес қўмиталари (комиссиялари) ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Қўмиталарнинг (комиссияларнинг) мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, матбуот органларининг, телевидение, радио ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.

Жўқорғи Кенгес қўмиталари (комиссиялари) кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қўмита (комиссия) жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.

Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг (комиссияларининг) давлат органларига юборилаётган қарорлари улар томонидан кўриб чиқилиши шарт, натижалари ёки кўрилган чоралар тўғрисида, агар қарорда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, узоғи билан бир ойдан кечиктирмай хабар қилиниши керак.

  Қўмиталар

1  Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициялар масалалари қўмитаси
2 Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси
3 Саноат, қурилиш, транспорт ва алоқа масалалари қўмитаси
4 Аграр, сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси
5 Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси
6 Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари қўмитаси