Jo‘qorg'i Kenges Raisi bir guruh sportchi yoshlar bilan uchrashdi
2041
Qoraqalpog'iston Respublikasi Jo‘qorg'i Kengesi Raisi Amanbay Orыnbaev bir guruh sportchi yoshlar bilan uchrashdi.
Учрашувда дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида сўнги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида кўплаб ишлар амалга оширилаётгани ҳамда Президентимиз томонидан фақатгина Қорақалпоғистон учун 7 та тарихий фармон ва қарорлар қабул қилиниб, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида бир қанча амалий ишлар бажарилаётганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Айтиб ўтиш жоизки, сўнги йилларда Юртбошимиз раҳбарлигида барча йўналишлар қаторида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган 5 йил давомида фақатгина спортни ривожлантириш учун 416 та спорт объекти янгидан қурилиб, бугунги кунда уларнинг сони 3 минг 604 тага етди. Шу билан бирга жорий йилнинг ўзида бир қатор спорт объектларида қурилиш ишлари олиб борилди. Ёшлар орасида оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида 7.8 млрд сўмлик жами 41 спорт майдончаси қурилиб фойдаланишга топширилди.
Жўқорғи Кенгес Президиумининг алоҳида қарори асосида спорт беллашувларини ўтказиш учун 3.2 млрд сўм ва спортчи ёшларнинг вақтида витаминизация билан таъминланиши ва вазн сақлаши учун 1.4 млрд сум миқдорда маблағлар ажратилди. Бундай яратилаётган шароитлар спортчиларимизни янгидан-янги мувваффақиятлар сари етакламоқда.
Шу билан бир қаторда Қорақалпоғистонда футболни ривожлантириш “Арал” ва “Жайхун” клубларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йилги маҳаллий бюджет ҳисобидан 7 млрд сўм маблағ ажратиб берилди.
Келгуси йил учун ҳам бир қатор режалар белгилаб олинган бўлиб, бу йўналишда 2024 йилги инвестиция дастури доирасида жами 4 спорт объектида 52.2 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Бўлиб ўтган учрашув давомида бир гуруҳ спортчилар ва уларнинг устозлари тақдирланди.
Алоҳида айтиб ўтиш жоизки, Хитойнинг Ханчжоу шахрида ўтказилган 19-ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Қорақалпоғистондан ҳам натижали иштирок этиб, 3 олтин ва 4 бронза медалини қўлга киритган спортчиларга қимматбахо совғалар топширилди.
Шу билан бир қаторда шу йилнинг 4-14-август кунлари Беларуссиянинг Минск шахрида бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлик кенгаши ўйинларида муносиб иштирок этган спортчилар ҳам тақдирланди.
Ўтказилган учрашув давомида талаба ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
Жўқорғи Кенгес Раиси давлатимиз ҳар доим уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.



















