АРХИВ ИШИ ТЎҒРИСИДА
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
30.06.2011 й. №84/VI
АРХИВ ИШИ ТЎҒРИСИДА
Ушбу Қонунга қўйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган: 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни 26.12.2018 й. 225/ХХIV-сонли Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни I-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади Ушбу Қонуннинг мақсади архив иши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 2-модда. Архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Қорақалпоғистон Республикасининг архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. 3-модда. Асосий тушунчалар Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: алоҳида қимматли ҳужжат - ўчмас тарихий-маданий ва илмий қимматга, жамият ҳамда давлат учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган, ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланишнинг алоҳида тартиби белгиланган архив ҳужжати; архив - архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассаса; архив иши - архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш бўйича фаолият; архив фонди - юридик ёки жисмоний шахслар фаолияти натижасида яратилган, тарихий ёки мантиқий жиҳатдан ўзаро алоқадор архив ҳужжатлари мажмуи; архив ҳужжатлари - фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамияти боис сақланиши лозим бўлган матнли, қўлёзма ва машинада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунингдек бошқа моддий жисмлардаги ёзувлар; архив ҳужжатларини депозитар сақлаш - архив ҳужжатларини уларнинг мулкдори (эгаси) билан архив, музей, ахборот-кутубхона ўртасидаги келишувда (шартномада) белгиланадиган муддатлар ва шартлар асосида мулкдорнинг (эгасининг) архив ҳужжатларига бўлган мулк ҳуқуқини (эгалик ҳуқуқини) сақлаб қолган ҳолда сақлаш; (ҚР 26.12.2018 й. 225/ХХIV-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) идоравий архив - юридик шахснинг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинмаси; иш юритиш - юридик шахснинг ҳужжатлаштириш ва расмий ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш бўйича фаолиятини таъминлаб берувчи жараён; Миллий архив фонди – Қорақалпоғистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатларининг тарихан таркиб топган ва доимо бойитиб бориладиган мажмуи; Миллий архив фондининг давлат каталоги - архив ҳужжатлари Миллий архив фондининг таркибига киритилган архив фондларининг ҳажми ва таркиби тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобга олиш ҳужжати; ноёб ҳужжат - ўзида мавжуд бўлган ахборот ва (ёки) ташқи белгилари бўйича ўхшаши йўқ, йўқотилган тақдирда ўзининг аҳамияти ва (ёки) асл қўлёзмалиги нуқтаи назаридан ўрнини тўлдириб бўлмайдиган алоҳида қимматли ҳужжат; суғурта нусха - алоҳида қимматли ҳужжат ёки ноёб ҳужжатнинг бошқа моддий жисмдаги, асл нусхада мавжуд бўлган ахборотни ўқиш ёки кўриш (эшитиш) имконини берувчи кўчирма нусхаси; шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар - ходимнинг иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларини акс эттирувчи архив ҳужжатлари. 4-модда. Архив ҳужжатларига бўлган мулк шакллари Архив ҳужжатлари хусусий ҳамда оммавий мулк шаклларида бўлиши мумкин. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида турган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан давлат архивлари, музейлари ва ахборот-кутубхона муассасаларига топширилган архив ҳужжатлари давлат мулки ҳисобланади ҳамда мазкур ҳужжатлар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, олди-сотди ёки мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин эмас. (ҚР 26.12.2018 й. 225/ХХIV-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари, шу жумладан, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар давлат мулки бўлиб қолади ва белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади. Нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари уларнинг хусусий мулкидир. Вафот этган фуқароларнинг Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган шахсий архив ҳужжатлари, васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлар бўлмаганда, шунингдек архив ҳужжатларининг мулкдорини аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, давлат мулкига ўтади. 5-модда. Қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда уларнинг архив ҳужжатлари тегишли давлат архивлари билан келишилган ҳолда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ворисларига топширилади. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилаётганда уларнинг архив ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат архивларига топширилади. II-БОБ. АРХИВ ИШИ СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ 6-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг архив иши соҳасидаги ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши: архив ишини ривожлантириш ва архивлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир давлат дастурларини ишлаб чиқишида ва амалга оширишда иштирок этади; архив ишини ривожлантириш ва архивлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишини, тасдиқлашини ва амалга оширишини таъминлайди; архив иши ва иш юритишнинг ҳолати устидан давлат назоратини белгиланган тартибда амалга оширади; архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилашда иштирок этади; архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш ҳамда унинг таркибидан чиқариш тартибини белгилашда иштирок этади; Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини доимий (муддатсиз) сақлашни амалга оширадиган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг рўйхатини тузишда иштирок этади; архив ҳужжатларининг махфийлик тоифаларини, шунингдек давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловларни белгилашда иштирок этади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 7-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Архив иши бошқармасининг архив иши соҳасидаги ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси Архив иши бошқармаси (бундан буён матнда “Бошқарма” деб юритилади): архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади; Миллий архив фондининг давлат каталогини юритади; архив ҳужжатларини белгиланган тартибда Миллий архив фонди таркибига киритиш ҳамда унинг таркибидан чиқариш бўйича юқори органларга таклиф беради; архив ҳужжатларини кириб кўриш тартиби ва шартларини белгилашда иштирок этади; (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартибини белгилашда иштирок этади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг архив иши соҳасидаги ваколатлари Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари: Миллий архив фонди таркибига киритилган, тегишли ҳудудда жойлашган давлат архивлари ва идоравий архивларда турган архив ҳужжатларининг сақланиши учун лозим даражадаги шарт-шароитларни таъминлайди; Миллий архив фонди таркибига киритилган, тегишли ҳудудда жойлашган архивлар ва идоравий архивларда турган архив ҳужжатларининг ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади; тегишли ҳудуддаги давлат архивларини молиялаштириш миқдорини ўз ваколатлари доирасида белгилайди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. III-БОБ. МИЛЛИЙ АРХИВ ФОНДИ 9-модда. Миллий архив фондининг таркиби Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари Қорақалпоғистон халқи маданий меросининг ажралмас қисмидир. Миллий архив фонди Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмидан ва давлатга тегишли бўлмаган қисмидан иборатдир. Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларининг фуқаролик муомаласига ушбу Қонунда белгиланган чекловларга риоя этилган ҳолдагина йўл қўйилади. 10-модда. Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш тегишли ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари мулкдорига мазкур ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома белгиланган тартибда берилади. 11-модда. Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибидан чиқариш Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибидан чиқариш тегишли ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) 12-модда. Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш Бошқарма томонидан амалга оширилади. 13-модда. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркиби Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига, кимнинг эгалигида турганлигидан қатъи назар, доимий (муддатсиз) сақланиши лозим бўлган, давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари киради. 14-модда. Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркиби Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига доимий (муддатсиз) сақланиши лозим бўлган, нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари киради. 15-модда. Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларининг фуқаролик муомаласи хусусиятлари Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини тасарруфдан чиқариш мумкин эмас. Мазкур ҳужжатлар йўқолган ёки емирилган ҳолларда улар Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибидан чиқарилади. Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатлари фақат тегишли вакилликларнинг рухсатига биноан тасарруфдан чиқарилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин. IV-БОБ. АРХИВЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ 16-модда. Архивларни ташкил этиш шартлари Архивларни ташкил этиш учун архив ҳужжатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш талабларига жавоб берадиган моддий-техник база, шу жумладан, бино (хоналар), зарур жиҳозлар, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситалар бўлиши шарт. Архивларнинг асосий иш турлари бўйича вақт ва ишлаб чиқариш намунавий нормалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Маҳфий архивлар ташкил этилишига йўл қўйилмайди. 17-модда. Архивларнинг турлари Архивлар давлат ва нодавлат архивлари турларида ташкил этилиши мумкин. 18-модда. Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. 19-модда. Идоравий архивларни ташкил этиш Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда идоравий архивларни ташкил этиши мумкин. V-БОБ. АРХИВ ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЖАМЛАШ, ҲИСОБГА ОЛИШ, САҚЛАШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ 20-модда. Архив ҳужжатларини жамлаш Архив ҳужжатларини жамлаш архивлар, идоравий архивлар ва жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини архив ҳужжатлари билан тўлдиришни ўз ичига олади. Давлат архивлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан олинган ёки уларга нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар топширган архив ҳужжатлари билан жамланади. Архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартиби Бошқарма томонидан амалга оширилади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Нодавлат архивлар ва жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари билан жамланишига йўл қўйилмайди. Жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари сотилаётганда давлат архивлари имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни жамлаши шарт. Архив ҳужжатларини жамлаш тартиби тегишли ваклоатли орган томонидан белгиланади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) 21-модда. Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси ҳужжатлар ёки архив ҳужжатларини сақлаш учун танлаб олиш мақсадида уларнинг қимматлилигини белгилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олади. Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби тегишли ваколатли орган томонидан белгиланади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) 22-модда. Архив ҳужжатларини ҳисобга олиш Архив ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш қуйидагиларни ўз ичига олади: архивлар ва идоравий архивларда ҳисобга олиш ҳужжатларини тузиш; архивлар ва идоравий архивларда йиғма ҳужжатларни тузиш ва уларни Бошқармага тақдим этиш; Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш. Архивлар ва идоравий архивлардаги ҳисобга олиш ҳужжатларига қуйидагилар киради: ҳужжатларнинг келиб тушиш китоби; архив фондларининг рўйхати; архив фонди варағи; архив рўйхати; архив фонди йиғмажилди. Архив ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш тартиби тегишли ваколатли орган томонидан белгиланади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини ҳисобга олиш улар томонидан мустақил амалга оширилади. 23-модда. Архив ҳужжатларини сақлаш Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатларини, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини сақлаш улар томонидан мустақил амалга оширилади. Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари доимий (муддатсиз) сақланиши лозим ва уларни йўқ қилиб ташлаш тақиқланади. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини доимий (муддатсиз) сақлаш давлат архивлари, музейлари ва кутубхоналарида, шунингдек рўйхати тегишли ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган вазирликлар, давлат кўмиталари ва идораларда амалга оширилади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларда доимий (муддатсиз) сақлаш Бошқарма билан келишилган идоравий норматив ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш ушбу Қонуннинг 24-моддасида белгиланган муддатлар мобайнида амалга оширилади. Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатлари архивлар ва идоравий архивларда, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари таркибида сақланиши мумкин. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари, жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари архивлар, музейлар ва кутубхоналарга депозитар сақлаш учун топширилиши мумкин. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни сақлаши шарт. Архив ҳужжатларини сақлаш тартиби тегишли ваколатли орган томонидан белгиланади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) 24-модда. Архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлашнинг қуйидаги муддатлари белгиланади: давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг худудий бỹлимлари, республика бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - ўн йил мобайнида; туман ва шаҳар бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - беш йил мобайнида; устав фондида давлат улуши бўлган, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, бошқа ташкилотларнинг архив ҳужжатлари - ўн йил мобайнида; илмий, технологик, конструкторлик ва патент ҳужжатлари - йигирма йил мобайнида; капитал қурилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари - йигирма беш йил мобайнида; телеметрик ҳужжатлар - беш йил мобайнида; овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари - тайёрланган вақтидан бошлаб уч йилдан ошмаган муддат мобайнида; машинада ўқиладиган ҳужжатлар - беш йил мобайнида. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач улар белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади. Агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, нотариал ҳаракатлар ёзувлари, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар, суд ишлари ва хўжалик китоблари идоравий архивларда етмиш беш йил мобайнида сақланиши лозим. Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, нотариал ҳаракатлар ёзувлари, суд ишлари ва хўжалик китобларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач улар белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади. 25-модда. Архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаш Архивлар ва идоравий архивларда архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаш архивлар ҳамда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг зиммасига юклатилади. Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминламаётган мулкдорлар суд қарорига биноан мазкур ҳужжатларга бўлган мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин, шундан сўнг бу ҳужжатлар сақлаш учун тегишли давлат архивига топширилади. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаши шарт. Жисмоний шахслар ўз шахсий архив ҳужжатларининг бут сақланишини мустақил равишда таъминлайди. Алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатларнинг суғурта нусхалари яратилади. Архив ҳужжатларини алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатлар сирасига киритиш тартиби, шунингдек суғурта нусхаларни тайёрлаш ва сақлаш тартиби тегишли вакиллик органлари томонидан белгиланади. 26-модда. Архив ҳужжатларидан фойдаланиш Архив ҳужжатларидан фойдаланиш хизмат, ишлаб чиқариш, илмий, маданий, маърифий, таълим мақсадида ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мақсадларда амалга оширилади. Архив ҳужжатларидан фойдаланувчилар: архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартибига риоя қилиши; архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаши; архив ҳужжатларига етказилган шикастлар ёки архив ҳужжатларидаги етишмовчиликлар аниқланганлиги тўғрисида тезкор равишда архив ва идоравий архив ходимларига хабар бериши; архив ҳужжатларидан олинган маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки соҳталаштиришга йўл қўймаслиги шарт. Архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартиби тегишли ваколатли орган томонидан белгиланади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) 27-модда. Архив ҳужжатларини кириб кўриш Архивлар ва идоравий архивлардаги архив ҳужжатларини кириб кўриш фойдаланувчига илмий-маълумотнома аппаратини, шунингдек тегишли архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини тақдим этиш орқали таъминланади. Архивлар ва идоравий архивлардаги архив ҳужжатларини, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини кириб кўриш уларнинг бут сақланишини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Фуқароларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёки уларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи маълумотларни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловлар архив ҳужжатлари тайёрланган вақтдан эътиборан етмиш беш йил муддатга белгиланади. Ушбу муддатдан олдин мазкур ҳужжатларни кириб кўришга фуқаронинг ўзи томонидан, унинг вафотидан сўнг эса шу фуқаронинг меросхўрлари томонидан рухсат берилиши мумкин. Архив ҳужжатларини кириб кўриш тартиби ва шартлари тегишли ваколатли орган томонидан белгиланади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Архив ҳужжатларининг маҳфийлик тоифалари, шунингдек давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловлар тегишли ваколатли орган томонидан белгиланади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) 28-модда. Архивлар ва идоравий архивлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар Архивлар ва идоравий архивлар тегишли ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда хизматлар кўрсатади. (ҚР 18.08.2018 й. 200/ХХII-сонли Қонунига асосан ўзгартиришлар киритилган) Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган архив маълумотномаларини, шунингдек тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига архив маълумотномаларини ва архив ҳужжатининг кўчирма нусхасини бериш бепул амалга оширилади. VI-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР 29-модда. Архивларни молиялаштириш Давлат архивларини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикасининг Бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Давлат архивларининг пулли хизматлар кўрсатишдан ва молиялаштиришнинг бошқа манбаларидан олинадиган маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади. Нодавлат архивларини молиялаштириш уларнинг мулкдорлари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. 30-модда. Архив иши соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Архив иши соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади. 31-модда. Низоларни ҳал этиш Архив иши соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади. 32-модда. Архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик Архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.