Қорақалпоғистон Республикаси
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН: янгиланиш ва ривожланиш даври
Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида, Амударёнинг қуйи қисми, Орол денгизининг жанубий соҳилида жойлашган. Республика жануби-ғарб томондан Қорақум саҳросига туташган. Унинг шимоли-ғарбида Устюрт пасттекислиги, шимоли-шарқий томонида эса Қизилқум саҳроси ястаниб ётибди. Орол денгизининг жанубий ҳудуди қорақалпоқ заминида жойлашган. Қорақалпоғистон умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат бўлиб, у ҳудудининг катталиги жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ўртасида биринчи ўринда туради. Республиканинг аҳолиси 2 035,1 минг кишидан зиёддир. Республиканинг маъмурий-ҳудудий тузилмаси 16 та туман ва 1 та шаҳардан иборат: Амударё, Беруний, Бозатов, Элликқалъа, Тўрткўл, Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир, Қонликўл, Шўманой, Қўнғирот, Мўйноқ, Хўжайли, Тахиатош, Нукус туманлари ва пойтахт – Нукус шаҳридир. Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидаги парламент бошқарув шаклига эга бўлган суверен Республикадир. Қорақалпоғистон ўз Конституцияси, байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Қорақалпоғистоннинг Конституцияси ва қонунлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва улар шу асосда амал қилади. Республикада умумий раҳбарлик Жўқорғи Кенгес Раиси – Қорақалпоғистон Республикаси парламенти томонидан амалга оширилади. Республиканинг олий ижроия ҳокимияти Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тасдиқланган Вазирлар Кенгаши ҳисобланади. Республика Вазирлар Кенгаши таркибига Кенгаш Раиси, Раиснинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари, йирик концерн ва бирлашмалар раҳбарлари киради. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, ўз вазифасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси пойтахти – Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг доимий ваколатхонаси фаолият юритади.
Мустақиллик йилларида бошқа минтақаларимиз қатори Қорақалпоғистоннинг ривожланишига ҳам улкан эътибор қаратилди. Айнан ана шундай эътибор туфайли бугунги кунда республика пойтахти – Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар ва қишлоқлар, ҳатто, энг чекка овуллар ҳам ҳар томонлама ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Айниқса, кейинги икки ярим йил ичида Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинган, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барча йўналишларини белгилайдиган Фармон ва Қарорлари, уларнинг фаол ижроси халқимизнинг турмуш тарзини бутунлай ўзгартиб юборди. Авваломбор, инсон ва ўнинг манфаатларини кўзлаб олиб борилаётган ислоҳатларнинг натижаси юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг бахтли ва ободон турмуши, ўзига ва юрт келажагига бўлган мустаҳкам ишончида кўринмоқда. Барча эски уйлар ўрнига янги, миллий лойиҳалар асосида қурилаётган кўркам бинолар, сўлим ва гўзал хиёбонлар, ҳатто, қишлоқларимизнинг, маҳаллаларимизнинг алоҳида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида янги қиёфа касб этаётганлиги Президентимиз яратиб бераётган имкониятлар самарасидир. Бугинги кунда Қорақалпоғистонда ўтган қисқа вақт мобайнида бир қатор йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун мамлакатимизнинг фахри бўлган, дунёда “Саҳродаги Лувр” деб шуҳрат қозонган И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг муҳташам иккинчи корпуси қурилиб, юксак халқаро стандартлар асосида жиҳозланди ва фойдаланишга топширилди. Қорақалпоқ давлат Ўлкашунослик музейи биноси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаб-интернати, Амир Темур номидаги истироҳат боғи, замонавий имкониятларга эга бўлган йирик спорт мажмуаси бунёд этилди. Имом Эшон Муҳаммад жомъе масжиди реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Нукус шаҳрида – “Нукус полимер” МЧЖ, “Нукусэлектроаппарат” МЧЖ фаолият олиб бормоқда. “Самсунг” бренди остида телевизор, чанюткич ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Мўйноқ тумани аҳолисин марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш буйича 101 километрлик “Қўнғирот-Мўйноқ” сув қувури ва “Қўнғирот” сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Нукус шаҳри марказидан ўтувчи “Дўстлик” каналининг икки қирғоғи ободонлаштирилиб, бугунги кунда бу соҳил атрофлари халқимизнинг энг севимли оромгоҳига айланган. Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент”, “Титан цемент”, Тахиатош туманидаги метал-конструкция ишлаб чиқариш заводи, Элликқалъа туманидаги “Бўстон мега-тексил”, Тўрткўл туманидаги “Вегатекс глобал”, Чимбой туманидаги “Lanextrakt” корхоналарида ҳам ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган. Нукус шаҳрида “Нукус Мед Тех” МЧЖ, Кегейли туманида “Kegeyli qog'oz” МЧЖ, “Ланко-мия” корхонаси, Амударё туманида “Аму Шохжахон” МЧЖ, Чимбой туманида “Пинток” корхонаси томонидан тиббиёт килиникаси ишга туширилди. Мўйноқ туманида Амфитеатр, “Мўйноқ порлоқ текстил” тикувчилик корхонаси, давлат хизматлари маркази янгидан қурилди ҳамда футбол ўйингоҳи ва Маданият маркази реконструкцияси тўлиқ якунланди. Шунингдек, Нукус шаҳрида Марказий Осиёда ягона бўлган “Имкон” номли Ўзбекистондаги биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.
Булардан ташқари, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун Қорақалпоғистонда ҳаёт бутунлай ўзгармоқда. Барча шаҳар ва туманлар, қишлоқлар, маҳаллалар янгича қиёфа касб этмоқда. Замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият, спорт ва ижтимоий соҳанинг бошқа объектлари, коммуникация тармоқлари қурилмоқда. Бу эса, Қорақалпоғистон Республикасининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги тутган ўрнининг тобара ошиб бораётганлигидан дарак беради.