Жўқорғи Кенгес Раиси Ватан ҳимоячилари учун хизмат қиладиган учта объектни фойдаланишга топширди
2017
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий аҳамият берилаётганини таъкидлаб ўтди. Табрикда 2022 йилнинг ўзида 3 мингдан ортиқ ҳарбийлар уй-жой билан таъминлангани, салкам 2 минг ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилгани, 4 мингдан зиёд ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари касбга ўқитилиб, ишга жойлаштирилгани, 1250 нафар ҳарбий пенсионернинг бандлиги таъминлангани эътироф этилди.
Жумладан, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 31 йиллик байрамига бағишлаб, Нукус гарнизонидаги учта капитал таъмирдан чиққан объект фойдаланишга топширилиши, кечаю кундуз ҳаловатидан айрилиб, мамлакатимиз тинчлиги йўлида фидойиларча хизмат қилаётган ҳарбийлар учун чинакам байрам совғаси бўлди.
Ҳарбий қисмнинг штаби ва тиббиёт пункти биноси ҳамда Нукус уй-жойдан фойдаланиш ҳудудий қисмига қарашли ётоқхонанинг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, куч тузилмаларининг ҳудудий раҳбарлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ҳаётини шарафли ва муқаддас вазифага бағишлаган юрт ҳимоячиларини 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами билан табриклаб, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлиги, ҳозиржавоблиги, салоҳияти, тезкорлиги янада ошганини эътироф этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ахборот хизмати