Тошкент шаҳрида буюк шоиримиз Бердақнинг ҳайкали ўрнатилди
2641
Барчамизга маълум, бугунги кунда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида миллий маънавиятимизни, адабиётимизни янада ривожлантириш, адабиётимизнинг буюк намоёндаларига бағишлаб ёдгорликлар ўрнатиш, уларнинг хотираларини абадийлаштириш, улуғ адибларимиз номи билан аталадиган ижодий мактаб ва марказлар ташкил этиш, хиёбонлар бунёд қилиш бўйича катта эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Шу жумладан, Президентимиз томонидан Тошкент шаҳар Миробод туманининг Нукус ва Т.Г.Шевченко кўчалари чорраҳасида қорақалпоқ классик шоири Бердақнинг ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси илгари сурилган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ижодкор зиёлилар, олимлар, ёзувчи ва шоирларимизнинг билдирган тавсияларга мувофиқ шоирнинг янги ҳайкали тайёрланди ва ҳайкал жорий йил 9 июль куни мазкур кўчалар чорраҳасига ўрнатилди.
Ҳайкал тагида “Қорақалпоқ халқининг буюк шоири Бердақ Қарғабой ўғли” деган қаторлар акс эттирилди.
Ҳайкалнинг тайёрланиши ва ўрнатилиши жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон бадиий академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасадди ва маъсул ходимлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарияти бевосита иштирок этди.
Албатта, бу ҳайкалнинг ўрнатилиши юртбошимиз раҳномалигида бу борада амалга оширилаётган эзгу ишларнинг узвий давоми ҳамда буюк шоиримизга кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиром белгиси бўлиб ҳисобланади.