Жўқорғи Кенгес Раиси тўрткўллик ёшлар билан учрашди
1229
Жорий йил 2 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов пойтахт - Нукус шаҳридан 230 км узоқликда жойлашган Тўрткўл туманининг “Қўмбосган” овул фуқаролар йиғини ёшлари билан учрашди.
Овулдаги 50-умумтаълим мактабида ташкил этилган учрашувда республикамиз раҳбари ўтган қисқа вақт мобайнида мазкур ҳудудни ободонлаштириш бўйича бажарилган ишларни таҳлил қилар экан, мавжуд шароитларни ва овул аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича мутасадди вазирлик ва туман раҳбарларига топшириқлар берди.
Учрашувда ёшлар овулдаги улкан ўзгариш ва янгиланишлар, қишлоқ аҳолиси ва ёшларга қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик изҳор этди. Ўз навбатида ўзларига яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишларини ҳамда келажакда она Ватанга содиқ фарзандлар бўлиб вояга етишишини таъкидлади.
Учрашув якунида мактабнинг бир гуруҳ фаол ўқувчиларига китоблар ва мобиль телефонлари совға қилинди. Ўтган йили “Энг яхши китобхон” танловида ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси – «Спарк» автомашинаси соҳибаси бўлган китобсевар ўқувчи Ш.Каримбоевага ноутбук ҳадя қилинди.

