ЯНГИ ВАЗИРЛИККА ТАЙИНЛОВ АМАЛГА ОШИРИЛДИ
1304
Шу йилнинг 20 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилишига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов кириш сўз билан очди ва шу йилнинг 12 февраль куни Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган муҳим масалаларга тўхтаб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги уч йилда маҳалла тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилди. Жумладан, маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжат қабул қилингани, 50 дан ортиқ ҳужжат қайта кўриб чиқилгани, жамият ҳаётида жонбозлик кўрсатиб келаётган соҳа ходимларига давлат мукофотлари берилгани, фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробар оширилгани ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Президентимиз томонидан соҳадаги камчиликлар ва муаммолар бирма-бир санаб ўтилиб, маҳалла тизими танқид қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари У.Исмаилов, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Б.Парпиев сўзга чиқиб, янги вазирликнинг олдига қўйилган вазифаларга тўхталди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида маҳалла тизими ва профилактика инспекторлари фаолият тузилмасини ўзгартириш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикка эътиборни кучайтириш, маҳаллалар фаолиятини “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида йўлга қўйиш, маҳалла раислари билан профилактика инспекторларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш, ҳар бир уй, оила ҳолидан хабардор бўлиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар белгилаб берилди. Шу асосда Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, вазирлик ўз фаолиятини бошлади. Қарор асосида Қорақалпоғистонда ҳам шундай вазирлик ташкил этиш белгиланиб, унинг намунавий тузилмаси тасдиқланди. Аҳамиятли жиҳати, вазир лавозимига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари мақоми берилмоқда.
Мажлисда вазирликка тайинловлар амалга оширилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси С.Турманов Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига тайинланди. Вазирнинг биринчи ўринбосари этиб М.Ахмедова, ўринбосарлари лавозимига Ш.Уснатдинов ва У.Турдибаев тайинланди.
Тадбирда тайинланаётган вазир ва унинг ўринбосарлари тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев, Жўқорғи Кенгес депутатлари К.Каримов, Ф.Ибадуллаев, Б.Абдуллаев, З.Реймова, Шуманой тумани ҳокими Б.Янгибаев фикр билдирди.





Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Матбуот хизмати