ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ ИККИНЧИ СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ
1687
Шу йилнинг 22 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Президент Халқ қабулхоналари, секторлар, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов очди ва олиб борди.
Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Таъкидланганидек, Муҳтарам Президентимиз ўтган йили август ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Бу борада Президентимиз томонидан белгилаб берилган 5 муҳим ташаббуси ҳамда ишлаб чиқилган “Йўл харита”лари ёшларимиз ҳаётида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 1 миллион 80 мингдан зиёд ёшларимиз бор. Бу эса, ёшларимизнинг катта куч ва юртимизнинг юқори салоҳияти эканини яна бир марта исботлайди. Шу боис ёшларимизга барча соҳаларда кенг имкониятлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидандир.
Бу борада 2019 йили катта ишлар амалга оширилиб, бир қатор муваффақиятларга эришилди. Жумладан, ёшларни иш билан банд қилиш мақсадида ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 3 минг 400 га яқин ёшларимизнинг бандлиги таъминланди. Ёшлар ўртасида тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастури асосида 168 бизнес лойиҳаси учун 68 миллиард сўмдан зиёд кредитлар ажратилиб, 500 га яқин иш ўринлари яратилган бўлса, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида 500 дан зиёд ёшларимиз учун 14 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 270 га яқин тадбиркор ёшларимизга ер майдонлари ва фойдаланилмай бўш турган объектлар ажратиб берилди.
Беруний, Қанликўл ва Мўйноқ туманларида “Ёшлар марказ”лари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, шаҳар ва туманларда 22 “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуалари қурилаётган бўлса, шу кунгача Хўжайли, Элликқалъа, Беруний ва Мўйноқ туманларида ушбу мажмуалар фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, ёш тадбиркорлар учун Нукус шаҳри ва Хўжайли туманларида “Ёш тадбиркор” Коворкинг марказларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда 2020 йил Ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлишини таъкидлади ва бу борада муҳим вазифаларни белгилаб берди. Бу бўйича “Ёшлар сиёсатида Қорақалпоғистон тажрибаси” ишлаб чиқилиб, самарали амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда, ёшларимизга бу йил қўшимча 20 минг гектардан ортиқ ер майдонларини ажратиб бериш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда Мўйноқ туманида ёшларимизга ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига 6 минг гектар ер майдонлари ажратиб берилиб, бу ер майдонларига оқар сув етказиб бериш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, ўтган декабрь-февраль ойларида 200 дан зиёд ёшларимизга 5 минг гектардан ортиқ ер майдонлари ажратиб берилди. Яна бир муҳим жиҳати, бугунги кунда 739 фермер хўжалигини ёшларимиз бошқариб келмоқда.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикасида 2020 йилда ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик, фермерлик, ҳунармандчиликка жалб этиш ва ёшлар миграциясини тўғри ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, “Ёшлар - келажагимиз” ва “Ҳар бир оила - тадбиркор” Давлат дастурлари асосида 1000 дан зиёд ёшларимизга жами 87 миллиард сўмлик кредитлар ажратиш режалаштирилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати – ҳар бир сектор ҳамда соҳа раҳбарлари камида 20 нафар ёшни оталиққа олиши белгиланмоқда. Бунда ҳар бир раҳбар оталиққа олган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиши, фермерликка ўргатиши, янги иш ўринларини яратиш орқали ёшларнинг бандлигини таъминлаши, уларнинг ўз даромадига, шахсий мулкига, ҳатто, автомашинасига эга бўлишига эришиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида Мўйноқ ва Бўзатов туманларида ёшларимизни тикувчилик, трактор ва махсус техникаларни бошқариш курсларига жалб этиш, томорқа ер хўжалиги, иссиқхона ва парникларда маҳсулот етиштириш ҳамда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларга ёшларни кенг қамраб олиш, “Ёшлар қурилиш отряд”ларини ташкил этиш ҳамда қурилиш, экология ва саломатлик масалалари бўйича волонтёрлик гуруҳларини ташкил этиш, “Ҳар бир ёшга 20 туп кўчат” шиори остида манзарали ва мева кўчатларини ўтказиш сингари вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Орол денгизи аторфида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида денгиз тубида жорий йилги мавсумда 626 минг гектардан зиёд майдонга саксовул, қандим, қорабарақ ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилади. Бу ишларда бугунги кунда 1500 дан зиёд ишчи ва механизаторлар, 850 техника, 4 кичик самолётлар иштирок этмоқда. Бунда ёшлар ҳам фаоллик кўрсатаётгани қувонарлидир.
Сессияда бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга барча имкониятларни яратиб бериш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига, ҳокимларга аниқ вазифалар белгилаб берилганлиги, лекин айрим мансабдор шахсларнинг бепарволиги туфайли ёшларимиз орасида ажримлар, жиноятчилик, ташқи таъсирларга тушиб қолиш ҳолатлари учраб турганлиги танқид қилинди. Бундай ҳолатларни бартараф этишда ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Кун тартибидаги асосий масала, яъни ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик, фермерлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, ёшлар миграцияси бўйича сектор раҳбарлари – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори Х.Каримов, Ички ишлар вазири А.Темирханов, Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчановнинг ахбороти тингланди. Бу бўйича Олий Мажлис Сенати аъзоси, Жўқорғи Кенгес депутати, Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси А.Данияров, Жўқорғи Кенгес депутати С.Хўжамуратова сўзга чиқди ва депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасида 2020 йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган махсус “Йўл харита”си ва унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби, ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Манзилли режа ҳамда бу чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича мониторинг гуруҳи таркиби тасдиқланди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми таркибини тасдиқлаш, Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари ва Вазирлар Кенгашининг аъзоларини тайинлаш масалалари кўрилди. Бу борада тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг иккинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари, Ёшлар иттифоқи Маркизий Кенгаши раиси А.Садуллаев иштирок этди.





Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Матбуот хизмати